Ғалабада дарвозабоннинг ҳиссаси катта бўлди
Футбол бўйича АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлигида ўтаётган жаҳон чемпионати муносабати билан юзага келган танаффусдан сўнг Ўзбекистон Суперлигаси баҳслари яна қизғин паллага кирди. 12-турнинг Зоминдаги баҳсида майдонга тушган “Сўғдиёна” ўз мухлислари қаршисида Урганчнинг “Хоразм” жамоасини қабул қилди.
Танаффусдан кейинги дастлабки учрашувлар ҳар доим жамоаларнинг ҳақиқий ҳолатини намоён этади. Чунки унчалик ҳам қисқа бўлмаган муддатли йиғинлар давомида қилинган тайёргарлик, таркибдаги ўзгаришлар ва мураббийлар танлаган тактик ечимлар айнан расмий баҳсда синовдан ўтади. “Сўғдиёна” ҳам бу гал ғалабага эришди, аммо бу осон кечмади.
Беллашувнинг дастлабки қисмида меҳмонлар тўп назорати бўйича устунроқ ҳаракат қилди. Айниқса, Янис Лери иштирокидаги ҳужумлар мезбонлар ҳимоясини бир неча бор жиддий синовдан ўтказди. Бироқ футболда баъзан устунлик эмас, вазиятдан унумли фойдаланган жамоа ғолиб чиқади.

19-дақиқада айнан шундай бўлди. Оллоберган Каримовнинг зарбасидан кейин тўп ҳимоячи Аббос Отахоновга тегиб, йўналишини ўзгартирди. Мазкур вазият автогол сифатида расмийлаштирилди ва ҳисоб “ Сўғдиёна фойдасига – 1:0 ҳолига келди.
Биринчи бўлимнинг қолган қисмида “Хоразм” мувозанатни тиклашга уринди. Аммо яна “Сўғдиёна” таркибига қайтган сербиялик дарвозабон Милан Митрович ишончли ҳаракат қилди.

Танаффус озгина вақт қолганда Люпчо Дориев қарши ҳужум билан дарвозабонни ҳам алдаб ўтди, аммо Элзио Лоҳан сўнгги лаҳзада тўпни дарвоза чизиғидан қайтариб, жамоасини муқаррар голдан қутқарди. Шу тариқа, жамоалар танаффусга мезбонларнинг минимал устунлиги билан йўл олишди.
Мураббийларнинг биринчи бўлимдан кейинги қарорлари ўйин тақдирига қандай таъсир кўрсатгани яққол кўринди. “Сўғдиёна” бош мураббийи Улуғбек Бақоев т ёзги трансферлар чоғида жамоага қўшилган Петар Мичинни майдонга туширди. Бу қарор ўзини узоқ куттирмай оқлади.

50-дақиқада Мичиннинг аниқ узатмасини Люпчо Дориев гол билан якунлади. Дастлаб ҳакамлар тўп дарвоза чизиғини кесиб ўтмаган дея қарор чиқарган бўлса-да, VAR аралашувидан кейин гол инобатга олинди. Шу тариқа ҳисоб 2:0 кўринишига келди ва учрашув тақдирига деярли ойдинлик киритилди.
Шундан кейин ҳам “Хоразм” таслим бўлгани йўқ. Темурбек Исмоилов ва Бубабакр Траоренинг кучли зарбалари дарвозабон Милан Митрович маҳоратини яна бир бор қийин синовдан ўтказди, аммо бу зарбалар фойда бермади. Дарвозабоннинг бу ишончли ўйинлари мезбонларга илк ғалабани тақдим қилди.

Учрашувдан кейинги матбуот анжуманида “Хоразм” бош мураббийи Сергей Токов мағлубиятга, аввало, жамоасининг ўз хатолари сабаб бўлганини тан олди.
— Ўйинни ўзимиз бой бердик. Қўпол хатоларга йўл қўйдик ва бу мағлубиятга сабаб бўлди. Ҳужумда эса ҳеч нарсамиз ўхшамади. Энди хатолар устида ишлашда давом этамиз, — деди мутахассис.

“Сўғдиёна” бош мураббийи Улуғбек Бақоев эса жамоаси ҳали ўзининг энг яхши ўйинини кўрсатмаганини, аммо натижа муҳим аҳамият касб этганини таъкидлади.
— Узоқ танаффусдан кейин яна чемпионат баҳсларига қайтдик. Негадир учрашувни руҳий тушкунлик билан бошладик. “Хоразм” тўп билан кўпроқ муомала қилди. Биз эса тезкор ҳужумлар ҳисобидан имкониятлар яратдик. Энг муҳими, бу мавсумда биринчи марта дарвозамизни дахлсиз сақлаб қолдик. Бунинг учун йигитларга раҳмат айтаман, — деди Улуғбек Бақоев.

Бу ғалаба “Сўғдиёна” учун фақат уч очкодангина иборат эмас. Жамоа танаффусдан кейинги илк имтиҳондан муваффақиятли ўтди, янги футболчиларнинг жамоага мослашаётганини намойиш қилди ва энг муҳими, ҳимояда барқарорликка эриша олди. Мавсумнинг ҳал қилувчи палласи олдидан айнан шу омиллар жиззахликлар учун катта устунликка айланиши мумкин.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири