Футзал: бугун Олий лиганинг сўнгги ўйинлари бўлиб ўтади
Бугун, 28 май куни пойтахтимиздаги “Юнусобод” спорт мажмуасида 2025/2026 йилги мавсумнинг сўнгги 12-турнинг охирги жуфтликлари ўртасидаги ўйинлар ўтказилгандан сўнг, XXIX миллий чемпионатнинг ғолиб ва совриндор жамоалари, мавсумнинг энг яхшилари тақдирланади.
XXIX миллий чемпионатнинг барча совриндорлари номи маълум бўлиб улгурган бўлса-да, мавсумнинг индивидуал совринлари учун футзалчилар ўртасидаги кураш ҳали ҳам сақланиб турибди.

Бугун “Локомотив”- “Максам-Чирчиқ”, ОКМК - “Бунёдкор” ва “BMB PFC” - “Oil Star” қарама-қаршилигидаги учрашувлар XXIX миллий чемпионатга якун ясаши билан бирга ҳақиқий футзал завқини тортиқ этади.
Бундан ташқари, охирги ўйин ҳолати, футзалчиларнинг индивидуал хатти-ҳаракати натижасида ҳайъат аъзолари мавсумнинг “энг яхшилари” бўйича якуний қарорни эълон қилади.
Айтиш лозим, охирги тур ўйинларидаги натижалардан қатъий назар чемпионлик кубоги ва олтин медаллар Жиззахнинг “BMB PFC” жамоасига насиб этди. Вице-чемпионлик ва кумуш медаллар чемпионат дебютанти “SQB” жамоасига тегишли бўлди. Бухоронинг “Oil Star” футзалчилари бу сафар бронза медалларига эгалик қилди.
Т.Рўзиев, ЎзА