Футбол: Ўзбекистон бугун Саудия Арабистонига қарши майдонга тушади
Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бугун, 17 ноябрь куни Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида Саудия Арабистони термасига қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушади.
«Жассим бин Ҳамад» стадионида бўлиб ўтадиган учрашув Тошкент вақти билан соат 20:30 да бошланади. Ушбу ўйин Фабио Каннаваро бошчилигидаги терма жамоамиз учун ноябрь ойидаги халқаро йиғин доирасидаги иккинчи беллашув ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, бўлажак баҳс олдидан Саудия Арабистони терма жамоаси Жанубий Кореяни 3:2 ҳисобида мағлуб этган бўлса, Ўзбекистон Россияга қарши учрашувда 2:0 ҳисобидаги устунликни сақлаб қола олмади ва якунда 2:3 ҳисобида имкониятни бой берган эди.
Ўзбекистон ва Саудия Арабистони терма жамоалари ўртасидаги ўзаро учрашувлар статистикасига назар ташласак, бугунги баҳс рақиблар ўртасидаги 13-учрашув бўлади. Аввалги 12 та беллашувнинг тўрттасида футболчиларимиз ғалаба қозонган, еттитасида саудияликлар зафар қучган. Яна бир учрашув дуранг билан якунланган. Голлар нисбати ҳам рақиблар фойдасига — 27:15.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА