Спорт: Ўзбек жанг санъати, белбоғли кураш ва гимнастика усталари мамлакат кубоги учун баҳслашди
Ўтган ҳафтанинг сўнгги кунларида Чирчиқ шаҳрида ўзбек жанг санъати усталари, Фарғона шаҳрида белбоғли курашчилар, Навоийда бадиий гимнастикачилар Ўзбекистон кубоги баҳсларида совринли ўринларга даъвогарлик қилди.
Ўзбек жанг санъати: Андижон, Бухоро ва пойтахт ёшларининг маҳорати
Чирчиқ шаҳридаги Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети мажмуасида ўзбек жанг санъати бўйича ёшлар, ўсмирлар ва катталар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон кубоги мусобақаларида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятларнинг 800 нафардан зиёд спортчилари совринли ўринлар учун баҳс олиб борди.
Ўзбек жанг санъатининг "Мерган чавандоз", "Мерган спортчи" ҳамда "Темурийлар беллашуви" йўналишлари бўйича ўтган мусобақалар сарҳисобига кўра, ёшлар ўртасида Андижон вилояти жамоаси умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ўринни Самарқанд вилояти вакиллари, учинчи ўринни Навоий вилояти жамоаси эгаллади.
Ўсмирлар ўртасидаги баҳсларда Бухоро, Тошкент, Наманган вилояти спортчилари, катталар ўртасида Тошкент шаҳри, Жиззах ва Фарғона вилояти жамоалари етакчиликка эришди.
Фарғоналик полвонлар шиддати
Фарғона Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида белбоғли кураш бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон кубоги мусобақаларида 200 нафарга яқин энг сара полвонлар ўз вазн тоифаларида ғолиблик учун баҳс олиб борди.

Белбоғли курашнинг классик, эркин йўналишларидаги шиддатли беллашувлари натижасида маҳоратли спортчилар кўрсаткичларига қараб терма жамоадан ўрин эгаллади.
Муросасиз кечган мусобақа якунида умумжамоа ҳисобида энг кўп медалларга эгалик қилган Фарғона вилояти жамоаси биринчи ўринни, Наманган вилояти полвонлари иккинчи, Тошкент вилояти жамоаси учинчи ўринни банд этди.
Тошкентлик гимнастикачилар Навоийда ғолибликка эришди
Навоий шаҳридаги “Ёшлар” спорт мажмуасида бадиий гимнастика бўйича катталар ўртасида Ўзбекистон кубоги мусобақаси бўлиб ўтди.
Республикамизнинг барча ҳудудларидан 120 нафардан ортиқ гимнастикачилар жамоавий ва якка тартибдаги баҳсларда ўз маҳоратини намойиш этди.
Жамоавий натижаларга кўра, Тошкент шаҳри Ўзбекистон кубогини қўлга киритди. Кейинги поғоналарни Самарқанд ва Навоий вилояти вакиллари эгаллади.
Т.Рўзиев,
ЎзА