Фижитал спорт майдонида чемпионлар аниқланмоқда
Пойтахтимиздаги «Олимпия шаҳарчаси»да фижитал-футбол, фижитал-баскетбол, лазертаг ва Just Dance йўналишлари бўйича мамлакат чемпионатининг финал босқичи бошланди.
Мусобақаларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тўртта ҳудудий саралаш мусобақасида ғолиб ва совриндор бўлган жами 36 та жамоа иштирок этмоқда.
Бугун фижитал-баскетбол ва Just Dance йўналишлари бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
Фижитал-баскетбол баҳсларида Ренессанс таълим университетининг «Ренессанс» жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг «Play next» жамоаси иккинчи, Қорақалпоғистон Республикасининг «NKS» жамоаси учинчи ўринни қўлга киритди.
Шунингдек, Толеген Исматов «Энг тезкор спортчи», Арслан Сухинин «Энг яхши ҳимоячи» номинацияларида ғолиб бўлди.
Just Dance йўналишида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети талабаси Суғдиёна Абдухолиқова биринчи ўринни эгаллади. Унинг университетдоши Фарангиз Шокиржонова иккинчи, Андижон давлат техника институти талабаси Моҳинур Раҳимбердиева учинчи ўринга сазовор бўлди.
Сарвиноз Раҳимбердиева «Энг пластик ижро», Нилуфар Исломова «Энг жозибали ижро» номинацияларида тақдирланди.
[gallery-32564]
Эртага чемпионатнинг фижитал-футбол бўйича баҳслари «Олимпия шаҳарчаси»нинг футбол майдонларида давом этади.
Камола ЮСУПОВА,
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА