Францияда ёнғинлар авжида: Бордо атрофидан 220 минг киши кўчирилди
Франция президенти Эммануэль Макрон мамлакат жануби-ғарбида кузатилаётган ўрмон ёнғинларини Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан кейинги энг йирик табиий офатлардан бири, деб баҳолади.
Қайд этилишича, айрим ҳудудларда вазият барқарорлашган бўлса-да, ёнғинлар тўлиқ назоратга олинмаган.
22 июлдан буён Франция жануби-ғарбида 42 минг гектардан зиёд майдон аланга ичида қолган, мамлакат бўйлаб эса йил бошидан бери ёнғинлар 116 минг гектар ҳудудни қамраб олган. Фақат Бордо атрофида 220 минг киши хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинди.
Европа Иттифоқи Франция ва Испанияга ёнғинларни бартараф этиш учун 13 та самолёт, 4 та вертолёт, 41 та махсус техника ҳамда 130 нафар қутқарувчини жалб қилди. Икки мамлакатда эвакуация қилинганлар сони 300 минг нафардан ошгани айтиляпти.
Д.Ҳакимов, ЎзА