АҚШ ядро хавфсизлиги бўйича 50 йиллик тамойилдан воз кечмоқчи
АҚШ Ядровий тартибга солиш комиссияси (NRC) сўнгги ярим аср давомида амал қилиб келган ва бутун дунёда кенг қўлланган радиация хавфсизлиги қоидаси – “ALARA” тамойилидан воз кечиш таклифини илгари сурди. Бу ҳақда “Associated Press” агентлиги хабар берди.
Ушбу қоидага кўра,, атом электр станциялари, илмий-тадқиқот марказлари ҳамда радио фаол моддалар билан ишловчи бошқа муассасалар нурланиш даражасини имкони борича энг паст даражада ушлаб туриши шарт эди. Тўғри, Американинг янги таклифига кўра, аҳоли ва ходимлар учун белгиланган энг юқори нурланиш меъёри ўзгаришсиз қолади. Фақат тамойил бекор қилиниб, ўрнига босқичма-босқич ёндашув жорий этилиши режалаштирилган. Яъни, энди муайян ташкилот ходимлар радиация таъсирига учраш хавфига қараб мутаносиб хавфсизлик чорасини кўриши лозим. Аниқроғи, нурланиш даражаси рухсат этилган меъёрга яқинлашиши билан хавфсизлик талаби кучайиб боради.
Қайд этилишича, мазкур ташаббус Президент Дональд Трампнинг атом энергетикасини ривожлантиришга қаратилган, маълумот марказлари ва сунъий интеллект технологияси тараққиёти натижасида ортиб бораётган электр энергиясига эҳтиёжни қондиришга қаратилган режасининг таркибий қисмидир.
Масалан, АҚШ Энергетика вазирлиги “ALARA” тамойилидан аллақачон воз кечган. NRC эса яқин ойларда радиациядан ҳимояланиш бўйича янги қоида тасдиқлашни режалаштирмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА