Марказий Осиё хабарлари
Марказий Осиё минтақаси стратегик жойлашуви ва бошқа кўплаб имкониятлари сабабли доимо халқаро жамоатчилик диққати марказида бўлиб келган. Шу сабабли бу ҳудудда содир бўлаётган воқеа ҳодисалар кўпчиликка қизиқ. Қуйида мазкур минтақада яқин кунларда содир бўлган муҳим янгиликлар ҳақида маълумотлар олишингиз мумкин.
БМТ Туркманистон ташаббуси билан “2028 - Халқаро ҳуқуқ йили” резолюциясини қабул қилди

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 106-ялпи мажлисида Туркманистон томонидан ташаббус кўрсатилган "2028 - Халқаро ҳуқуқ йили" резолюцияси консенсус асосида қабул қилинди.
Таъкидланишича, ҳужжатни 78 давлат қўллаб-қувватлаган. Туркманистон томони қарор лойиҳасини тақдим этар экан, ҳужжат Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва самарали кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш учун жуда муҳимлигини таъкидлади.
Ушбу резолюциянинг қабул қилиниши халқаро ҳамжамият томонидан Туркманистоннинг халқаро ҳуқуқ устуворлиги тамойилларини илгари суриш, тинчлик, ишонч ва БМТ доирасида конструктив кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича изчил саъй-ҳаракатларини эътироф этишини яна бир бор тасдиқлайди.
Қозоғистондаги бешта масжид ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилди

Қозоғистоннинг Манғистов вилоятидаги бешта масжид ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилди. Бу ҳақда ўлка Президенти маъмурияти раҳбарининг биринчи ўринбосари Эрлан Карин маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, бу қарор ҳозирда Жанубий Кореянинг Пусан шаҳрида бўлиб ўтаётган ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси қўмитасининг 48-сессиясида қабул қилинган.
Таъкидланишича, Бекет Ота, Шопан Ота, Караман Ота, Шакпоқ Ота ва Султон Упи тошга ўйилган масжидлари рўйхатга киритилган. Эрлан Карин Қозоғистондаги маданий мерос объекти охирги марта 22 йил олдин ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилганини айтди.
Манғистовдаги тошга ўйилган масжидлар нафақат ибодат жойлари, балки таълим ва маърифат марказлари сифатида ҳам хизмат қилган. ЮНЕСКО уларни кўп асрлик маънавий, маданий ва меъморий анъаналарнинг ажойиб намуналари сифатида эътироф этди.
Тожикистонда олти ой ичида 400 дан ортиқ вояга етмаганлар никоҳ гувоҳномасини олган

2026 йилнинг дастлабки олти ойида Тожикистонда 18 ёшгача бўлган 423 киши суддан никоҳ тузиш учун рухсат олди. Бу даврда судлар никоҳ ёшини пасайтириш бўйича 503 та аризани кўриб чиққан. Бу ҳақда Душанбеда бўлиб ўтган матбуот анжуманида мамлакат Олий суд раиси ўринбосари Абдуқаҳҳор Тагозода маълум қилди.
Олий суд аризаларнинг аксарияти оғир молиявий аҳвол, етимлик ва оила қуриш зарурати билан боғлиқлигини тушунтирди. Шу билан бирга, Олий суд раисининг ўринбосари эрта никоҳ оиланинг бузилишига сабаб бўлиб қолишини тан олди. Унинг сўзларига кўра, ёшлар кўпинча оилавий ҳаётга ва барқарор муносабатларни сақлашга тайёр эмас.
Тожикистон қонунчилигига кўра, никоҳ ёши 18 ёш. Бироқ Оила кодексининг 13-моддаси никоҳ ёшини истисно ҳолларда ва фақат суд қарори билан 17 ёшгача туширишга имкон беради. Бошқа барча ҳолларда, 18 ёшга тўлмаган шахс билан никоҳ (агар суд 17 ёшда никоҳни тасдиқламаган бўлса) жиноят ҳисобланади. Қонунда жаримадан тортиб беш йилгача озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жазолар назарда тутилган.
Садир Жапаров “Балиқчи-Қўчқор” темир йўлини очиб берди ва локомотивни бошқарди

Қирғиз Республикаси президенти Садир Жапаров ўлкадаги 63 километрлик “Балиқчи-Қўчқор” темир йўлини очди.
- Биз муҳандислик имкониятларимизни ва профессионал тажрибамизни қайта тикладик, - дейди Садир Жапаров. - Бу тарихий ютуқ бўлиб, мамлакатимиз йирик инфратузилма лойиҳаларини мустақил равишда амалга оширишга қодирлигини исботлайди.
Президент янги темир йўл иқтисодий ривожланишни тезлаштиришига ишонч билдирди. Келажакда Макмалга борадиган қисм қурилади, у Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли билан боғланади.
Гўзал Сатторова, ЎзА