Фозилжон Отахонов: Ўзбекистонда низоларни муқобил ҳал қилишнинг янги экотизимини яратиш зарур
Рақамли иқтисодиёт, электрон тижорат, халқаро инвестициялар ва трансчегаравий битимлар бугунги кунда жадал ривожланмоқда.
Бу эса низоларни ҳал қилиш тизимига нисбатан янги талабларни юзага келтирмоқда. Зотан, энди тадбиркор учун низонинг қонуний ҳал этилиши билан бир қаторда жараённинг тезкорлиги, холислиги, махфийлиги ва иқтисодий самарадорлиги ҳам ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.
Юридик фанлар доктори, профессор, халқаро арбитр Фозилжон Отахонов айни шу йўналишда амалга оширилиши зарур бўлган муҳим таклифларни илгари сурмоқда.
– Кейинги йилларда Ўзбекистонда халқаро тижорат арбитражи, ҳакамлик судлари ва медиация соҳасида муҳим ҳуқуқий асослар яратилди, – дейди Ф.Отахонов. – Шунингдек, электрон тижорат, электрон рақамли имзо, шахсга доир маълумотлар ва киберхавфсизлик соҳасида қабул қилинган қонунлар рақамли муҳитда низоларни ҳал қилиш учун зарур ҳуқуқий пойдеворни шакллантирди. Бироқ, замонавий тизимни ривожлантириш фақат қонунчилик билан чекланмайди. Масофавий эшитувлар, электрон далиллар, рақамли идентификация, ахборот хавфсизлиги ва гибрид муҳокамаларни таъминлайдиган замонавий инфратузилма ҳам талаб этилади. Шу маънода, бугунги асосий вазифа янги институтлар ташкил этиш эмас, балки мавжуд ҳуқуқий асосларни замонавий техник ва рақамли имкониятлар билан таъминлашдир.
Айрим арбитраж ва ҳакамлик институтлари учун барча талабларга жавоб берадиган инфратузилмани мустақил яратиш катта молиявий юк ҳисобланади. Агар ҳар бир институт алоҳида йўл тутса, чекланган ресурслар тарқоқ сарфланади. Шунинг учун соҳада рақобатдан кўра ҳамкорлик, умумий инфратузилма ва ихтисослашув тамойилларини кучайтириш мақсадга мувофиқ.
Ҳар бир низо учун ягона механизм мавжуд эмас. Мураккаб халқаро тижорат низолари арбитражда, айрим хусусий-ҳуқуқий низолар ҳакамлик судида, муносабатларни сақлаб қолиш муҳим бўлган ҳолларда эса медиация орқали самарали ҳал қилиниши мумкин. Шу боис мурожаат қилувчини энг мақбул механизмга йўналтириш маданиятини шакллантириш лозим.
Бунинг учун қуйидаги ёндашув таклиф этилади: «ягона мурожаат нуқтаси – холис ахборот – энг мақбул механизмни танлаш – ихтисослашган институтга йўналтириш – мустақил ҳал қилиш». Бундай тизимда марказий ўрин институтлар манфаатига эмас, балки мурожаат қилувчининг манфаатига берилади.
– Ушбу ғояни қандай амалга ошириш мумкин?
– Ушбу ғояни амалга оширишнинг амалий кўринишларидан бири сифатида Тошкент шаҳрида замонавий Низоларни муқобил ҳал қилиш марказини ташкил этиш мумкин. Бу марказ муайян арбитраж ёки ҳакамлик судига қарашли эмас, балки барча институтлар тенг шартларда фойдаланадиган нейтрал инфратузилма бўлиши лозим.
Марказда замонавий эшитув заллари, медиация хоналари, гибрид ва масофавий муҳокама студиялари, синхрон таржима тизимлари, электрон далиллар билан ишлаш имкониятлари ҳамда ҳимояланган рақамли коммуникация воситалари жойлаштирилиши мақсадга мувофиқ.
Дастлабки босқичда ушбу инфратузилмадан арбитражлар, ҳакамлик судлари ва медиаторлар тенг ва имтиёзли шартларда фойдаланиши мумкин. Кейинчалик харажатларни қоплашга хизмат қилувчи оқилона тўлов механизмлари жорий этилади.
Муҳими, давлатнинг вазифаси низони ҳал қилиш эмас, балки уни мустақил ва профессионал тарзда ҳал қилиш учун зарур шароит яратишдан иборат бўлиши керак. Шунинг учун давлат инфратузилмани қўллаб-қувватлаши мумкин, аммо арбитраж ёки медиация жараёнининг мустақиллигига аралашмаслиги шарт.
– Марказда рақамли платформа тизими қандай жорий этилиши мумкин?
– Тошкентда ташкил этилиши таклиф этилаётган марказни фақат замонавий бино сифатида тасаввур қилиш тўғри эмас. У рақамли платформани ҳам ўз ичига олиши лозим.
Хусусан, сунъий интеллектга асосланган, кеча-кундуз фаолият юритувчи кўп тилли ахборот хизмати мурожаат қилувчиларга дастлабки йўл-йўриқ бериш имконини яратади.
Бундай тизим фуқаро ёки тадбиркорга арбитраж, ҳакамлик суди ва медиациянинг ўзига хос жиҳатларини тушунтириши, зарур ҳужжатлар ҳақида маълумот бериши ҳамда низони ҳал қилишнинг эҳтимолий механизмларини кўрсатиши мумкин.
Бунда сунъий интеллект ҳуқуқий маслаҳат берувчи ёки қарор қабул қилувчи субъектга айланмаслиги керак. Унинг вазифаси ахборот бериш, мурожаатни дастлабки таснифлаш ва фойдаланувчини энг мақбул йўналишга йўналтиришдан иборат бўлиши лозим.
Миллий даражада бундай тизим шаклланганидан кейин унинг мантиқий давоми сифатида Самарқандда Марказий Осиё давлатлари учун очиқ бўлган минтақавий платформани ташкил этиш мумкин.
Самарқанд тарихан савдо йўллари, маданиятлар ва цивилизациялар туташган макон бўлган. Бу тарихий мерос бугунги кунда унга янги мазмун бериш имконини яратади. Замонавий технологик инфратузилмага эга марказ халқаро арбитраж, трансчегаравий низоларни ҳал қилиш, медиация, илмий мулоқот ва профессионал ҳамкорлик учун минтақавий майдонга айланиши мумкин.
Бу ерда Тошкент ва Самарқанд ўртасида вазифалар тақсимоти муҳим аҳамиятга эга. Тошкент миллий инфратузилма, рақамли ечимлар ва институционал мувофиқлаштириш маркази вазифасини бажарса, Самарқанд халқаро ҳамкорлик, минтақавий мулоқот, таълим ва трансчегаравий низоларни ҳал қилиш платформаси сифатида ривожланиши мумкин.
– Амалиёт, таълим ва илм-фан интеграцияси қандай аҳамият касб этади?
– Низоларни муқобил ҳал қилиш тизимининг барқарор ривожланиши малакали кадрлар ва илмий тадқиқотлар билан узвий боғлиқ. Шу боис, мазкур марказлар юридик олий таълим муассасалари, илмий ташкилотлар ва профессионал ҳамжамият билан доимий ҳамкорлик қилиши зарур.
Марказлар нафақат эшитувлар ўтказиладиган жой, балки арбитрлар ва медиаторлар малакасини ошириш, талабалар учун амалий машғулотлар ташкил этиш, халқаро конференциялар, арбитраж мусобақалари ва илмий тадқиқотлар ўтказиладиган кўп функцияли майдонга айланиши мақсадга мувофиқ.
Бу эса амалиёт ва илм-фан ўртасида узлуксиз алоқани таъминлайди. Амалиётда аниқланган муаммолар илмий тадқиқотларга асос бўлади, тадқиқотлар натижалари эса қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга хизмат қилади.
Бундай ёндашувни амалга ошириш дастлаб кенг илмий ва профессионал муҳокамалардан бошланиши лозим. Арбитрлар, ҳакамлик судьялари, медиаторлар, адвокатлар, судьялар, тадбиркорлар, олимлар ва таълим муассасалари иштирокида амалий тажрибани таҳлил қилиш, хорижий моделларни ўрганиш ва эксперт фикрларини умумлаштириш муҳим аҳамиятга эга.
Шундан кейин Ўзбекистонда низоларни муқобил ҳал қилишни ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш мумкин. Бу концепция фақат янги марказлар ташкил этиш билан чекланмасдан, қонунчиликни такомиллаштириш, рақамлаштириш, инфратузилмани ривожлантириш, сунъий интеллектдан фойдаланиш, профессионал стандартларни жорий этиш, кадрлар тайёрлаш, статистик таҳлил ва халқаро ҳамкорликни қамраб олиши лозим.
Тошкент маркази ва Самарқанд платформаси ана шу яхлит экотизимнинг муҳим институционал элементлари бўлиши мумкин.
Ўзбекистонда низоларни муқобил ҳал қилиш соҳасининг кейинги босқичи алоҳида институтлар сонини кўпайтириш эмас, балки уларни ягона мақсад атрофида бирлаштирувчи замонавий экотизимни шакллантиришдан иборат.
Бу экотизим рақамли технологиялар, замонавий инфратузилма, институционал ҳамкорлик, ихтисослашув, илмий салоҳият ва инсон манфаатини бир бутун тизимга бирлаштириши лозим. Ана шунда фуқаро ва тадбиркор ўз низоси учун энг мақбул механизмни тез ва осон топиши, низолар эса мустақил, профессионал ва самарали тарзда ҳал этилиши мумкин.
Низоларни муқобил ҳал қилиш маданияти мамлакатнинг ҳуқуқий ва иқтисодий тараққиёти билан чамбарчас боғлиқ. Шу маънода, Ўзбекистон учун энг муҳим вазифа – янги институтлар эмас, балки замонавий ҳуқуқий экотизимни барпо этишдир. Зеро, XXI асрда рақобат алоҳида институтлар ўртасида эмас, балки ҳуқуқий экотизимлар ўртасида кечади.
Таклиф этилаётган замонавий, рақамли ва ҳамкорликка асосланган тизимни шакллантириш нафақат Ўзбекистоннинг ҳуқуқий хизматлар бозоридаги рақобатбардошлигини оширади, балки мамлакатимизни келгусида Марказий Осиёда низоларни муқобил ҳал қилиш соҳасидаги етакчи минтақавий марказлардан бирига айлантириши мумкин.
ЎзА мухбири
Норгул Абдураимова суҳбатлашди.