Фермер хўжалигида ҳосил байрами ўтказилди
Сирдарё вилоятининг Гулистон туманидаги “Саидакбар” фермер хўжалиги давлат буюртмаси бўйича пахта топшириш режасини туманда биринчилардан бўлиб ортиғи билан бажарди. Хўжаликка қарашли 53 гектар майдоннинг ҳар гектаридан ўртача 55 центнердан ҳосил олинди.
– Биз бу натижага, асосан, хориждан келтирилган пахта навини 76х10 схема асосида экиш орқали эришдик, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Валижон Турдиев. – Экинлар қўшқатор усулида экилиб, суғориш ва озиқлантириш ишлари методик қўлланмалар асосида амалга оширилди. Шу туфайли ҳар гектардан 35–40 центнер эмас, балки 54–55 центнердан ҳосил олишга муваффақ бўлдик.

Муҳими, бу натижага нафақат механизация ёрдамида, балки жамоа меҳнати ҳисобига эришилди. Терим жараёнларида пахта терим комбайнлари билан бир қаторда ҳашарчилар ҳам фаол қатнашди. Чигит ерга қадалган илк кунларданоқ меҳнат қилган сувчи, агроном ва механизаторларнинг ҳиссаси ҳам катта бўлди.

Натижада фермер хўжалигига тегишли 53 гектар ер майдонидан 269 тоннадан зиёд “оқ олтин” хирмони бунёд этилди. Энг муҳими, ёғин-сочин мавсумига қолдирилмай, бўлиқ ҳолда очилган пахталар ўз вақтида йиғиб-териб олинди. Терим пуллари ўз вақтида тўланиб, пешқадам ишчилар рағбатлантирилди.

Режа бажарилиши муносабати билан хўжалик дала майдонида меҳнаткашлар учун ҳосил байрами ташкил этилди. Тадбирда чигит экишдан то ҳосилга қадар меҳнат қилган барча ишчи-хизматчилар иштирок этди. Дошқозонларда ош дамланди, дастурхон ёзилди, одамлар юзини қувонч, дилларини фахр туйғулари эгаллади.
Пойтахтдан ташриф буюрган таниқли хонанда Дилшод Раҳмонов бошчилигидаги санъаткорлар ижро этган дилтортар куй-қўшиқлар теримчиларга кўтаринки кайфият бағишлади.

– Ҳали далада ҳосил мўл, – дейди Валижон Турдиев. – Уни ёғингарчилик кунларига қолдирмай йиғиб-териб, режани янада ошириш ниятимиз бор. Олинган фойда ҳисобидан нафақат хўжалик ишчилари, балки пешқадам теримчиларни ҳам муносиб рағбатлантиришни режалаштирганмиз.
Ғулом Примов, ЎзА