Фермер ва деҳқонларнинг муаммолари қай тарзда ҳал этилмоқда?
Деҳқончилик ер юзидаги энг шарафли, айни вақтда машаққатли касблардан бири. Шунинг учун фермер, деҳқон ва тадбиркорларнинг муаммосини ўз вақтида эшитиш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш ва мурожаатларни қоғозбозликсиз ҳал этиш Қишлоқ хўжалиги вазирлиги фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири. Бугунги кунда вазирликда аҳоли билан очиқ мулоқотни кенгайтириш, мурожаатларни тезкор кўриб чиқиш ва уларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этишга қаратилган бир қатор янги механизмлар йўлга қўйилган.
Хўш, ушбу тизим қандай ишламоқда ва мурожаатлар билан ишлашда қандай натижаларга эришилмоқда?
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Дилшод Назировнинг сўзларига кўра, 2026 йилнинг 9 ойи давомида Қишлоқ хўжалиги вазирлигига жами 1 минг 141 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 199 таси ёзма, 809 таси электрон, 133 таси эса оғзаки шаклда қабул қилинган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 14 фоизга ўсган. Келиб тушган мурожаатларнинг 391 таси жисмоний шахслар, 750 таси эса юридик шахслар ҳиссасига тўғри келади.
Назоратга олинган 920 та мурожаатнинг 887 таси бўйича тегишли чоралар кўрилган, 30 тасига тушунтириш берилган, 3 таси эса рад этилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси орқали келиб тушган 481 та мурожаатнинг 460 таси қаноатлантирилган, 10 тасига тушунтириш берилган, 5 таси тегишлилиги бўйича рад этилган. Қолган 5 та мурожаат айни пайтда кўриб чиқилмоқда. Ушбу рақамлар вазирликда мурожаатларни кўриб чиқиш билан бирга, уларнинг амалий ечимига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганини кўрсатади.
Фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш ва уларга жавоб бериш билан бир қаторда, кўтарилган масалаларни амалда ҳал этиш давлат идоралари фаолияти самарадорлигининг муҳим мезони ҳисобланади. Айниқса, қишлоқ хўжалиги соҳасида фермер, деҳқон ва тадбиркорларнинг муаммоларига ўз вақтида ечим топиш ишлаб чиқариш жараёнларининг барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Фермер, деҳқон ва тадбиркорлар билан тезкор алоқани таъминлаш мақсадида Қишлоқ хўжалиги вазирининг махсус Telegram гуруҳи ишга туширилган. Бугун мазкур гуруҳ соҳадаги муаммоларни тезкор аниқлаш ва ҳал этишда муҳим мулоқот майдонига айланган. Унда вазирликнинг масъул ходимлари иштирок этиб, келиб тушган мурожаатларни тегишли йўналишлар бўйича ўрганади, зарур ҳолларда бошқа идоралар билан ҳамкорликда чоралар кўради.
Қўшимча ўрганиш талаб этиладиган масалалар назоратга олиниб, уларнинг ижроси кузатиб борилади. Бу эса фермер ва тадбиркорларнинг ҳар бир масала юзасидан алоҳида хат ёки электрон мурожаат юбориш заруратини камайтиришга хизмат қилмоқда. 2026 йилнинг 9 ойида ушбу телеграм гуруҳига 4 минг 159 та мурожаат келиб тушган. Шундан 2 минг 642 таси ижобий ҳал этилган, 1 минг 181 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган, 336 таси эса назоратга олинган.
Шунингдек, мутахассиснинг айтишича, мурожаатлар билан ишлашда фақат электрон мулоқот билан чекланиб қолмасдан, ҳудудларда масъуллар иштирокида сайёр қабуллар ва семинарлар ҳам мунтазам ташкил этилмоқда. Ҳозирга қадар вазир раҳбарлигида 13 та сайёр қабул ўтказилган. Уларда 89 нафар фуқаро томонидан кўтарилган 78 та масала тўлиқ, яъни 100 фоиз ижобий ҳал этилган.
Бундай учрашувлар давомида фермерлар ва тадбиркорларнинг муаммолари бевосита эшитилиб, тегишли ташкилотлар ва ҳудудий аграр соҳа масъуллари иштирокида уларнинг ечимлари муҳокама қилинади. Семинарларда эса қишлоқ хўжалигига оид амалий масалалар юзасидан тушунтиришлар ва тавсиялар берилади. Бу орқали муаммонинг келиб чиқиш сабабларини жойида аниқлаш ва такрорий мурожаатларнинг олдини олиш имконияти кенгаймоқда.
Мурожаатларни кўриб чиқишда фақат келиб тушган саволларга жавоб бериш билан чекланмасдан, уларнинг ортида турган тизимли муаммоларни аниқлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда вазирнинг 2026 йил 7 майдаги тегишли буйруғи асосида 21 нафар раҳбар ва мутасаддидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, тегишли йўл харитаси тасдиқланган. Мазкур ишчи гуруҳ мурожаатларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш, аввалги жавоблардан норози бўлган фуқароларнинг масалаларини қайта кўриб чиқиш ва уларга амалий ечим топиш билан шуғулланмоқда.
Қайта келиб тушган мурожаатлар уч иш кунида ўрганилиб, натижалари тегишли ахборот тизимига киритилади. Тизимли ечим талаб қиладиган масалалар юзасидан ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиб борилади. Ўрганишлар давомида субсидия ва имтиёзли кредитлар, электр энергияси харажатлари, ер контурлари ва экин майдонлари ҳақидаги маълумотлар, уруғлик, техника ҳамда минерал ўғит таъминоти билан боғлиқ 108 та устувор масала таҳлил қилинган. Бунда тегишли ҳужжатлар ва электрон тизимлардаги маълумотлар ўзаро солиштирилиб, аниқланган хатоларни бартараф этиш, мурожаатларни қайта кўриб чиқиш ва муаммоларни тизимли ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган.
Вазирлик олдидаги навбатдаги муҳим вазифалардан бири — фуқаролар билан бевосита мулоқотни янада кенгайтириш, сайёр қабуллар самарадорлигини ошириш ва мурожаатлар ижросини назорат қилиш тизимини такомиллаштиришдан иборат.
Мурожаатлар таҳлили ва ижро назоратини рақамлаштириш, ишонч телефони фаолияти сифатини яхшилаш ҳамда ушбу жараёнларда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш режалаштирилган. Хусусан, ишонч телефонига жавобсиз қолган қўнғироқлар сабабларини таҳлил қилиш ва оператор билан боғланиш вақтини қисқартиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлигида йўлга қўйилаётган очиқ мулоқот механизмлари, электрон платформалар, сайёр қабуллар ва тизимли таҳлил ишлари айнан шу мақсадга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, ҳар бир мурожаат эътиборда бўлиши ва унинг ортида турган муаммога ечим топилиши устувор вазифа сифатида белгиланган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА