Фарзанд аросатда қолмасин !
Ота фарзандини кўриш учун судгача борди…
Кўпчилик Мажбурий ижро бюроси фаолиятини қарз ёки алимент ундириш билан боғлайди. Аслида эса Бюро томонидан инсон тақдири билан боғлиқ, ўта нозик ва масъулиятли ижро ҳаракатлари ҳам амалга оширилади. Шулардан бири — суд қарорига асосан ота ёки онанинг фарзанди билан кўришиш ҳуқуқини таъминлашдир.
Бюронинг Учкўприк туман бўлими иш юритувига ҳам ана шундай ижро ҳужжати келиб тушди. Суд қарорига кўра, фуқаро Ш.Б.нинг фарзанди Барчиной билан кўришиш ҳуқуқи белгиланган бўлса-да, боланинг онаси қарор ижросига қаршилик қилиб келган.
Давлат ижрочиси томонидан ҳар икки томон билан тушунтириш ишлари олиб борилди, боланинг манфаати ва суд қарорини бажаришнинг аҳамияти атрофлича тушунтирилди.
Натижада суд қарори ижроси таъминланиб, ота ўз фарзанди билан учрашиш имконига эга бўлди.
Мажбурий ижро бюроси учун айрим ижро ҳужжатлари фақат қонун талабини бажариш эмас, балки бир болага ота меҳрини, бир отага эса фарзанди бағрини қайтарашдек юксак инсонпарварлик вазифасини ҳам англатади.
ЎзА