Термиз ҳадис мактабига бағишланган анжуман ўтказилади
Мамлакатимиз пойтахтида 6-11 июль кунлари бўлиб ўтадиган “Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” мавзуидаги I Халқаро ислом цивилизацияси форуми доирасида 9 июль куни Термиз шаҳрида “Термиз ҳадис мактаби: алломалар мероси ва замонавий тадқиқотлар” мавзуига бағишланган IV халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилади.
Айни пайтда Сурхондарё вилоятида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Дин ишлари бўйича қўмитаси ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этаётган анжуманга пухта ҳозирлик кўрилмоқда.
Илмий-амалий конференцияда ICESCO, IRCICA, TURKSOY каби нуфузли халқаро ташкилотлар, Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази, Буюк Британия, Жазоир, Италия, Миср, Покистон, Туркия, Марказий Осиё давлатларидан таниқли диний уламолар, бош муфтийлар, инсон ҳуқуқлари бўйича экспертлар, исломшунос, ҳадисшунос олимлар ва мутахассислар, халқаро экспертлар иштирок этиши кутилмоқда.

Нуфузли конференцияга Президентимиз ғояси билан Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш, ислом маърифати ғояларини чуқур ўрганиш ва уларни жаҳон жамоатчилигига етказиш йўлидаги изчил ислоҳотларни ифода этадиган “Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” мавзуидаги I Халқаро ислом цивилизацияси форумининг ажралмас ва муҳим таркибий қисми сифатида қаралмоқда. Анжуман қадим Термизда шаклланган ҳадисшунослик мактаби ва унинг намояндалари қолдирган бой илмий меросни чуқур ўрганишга, Имом Термизий ва бошқа термизлик алломаларнинг жаҳон ислом цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссасини илмий жиҳатдан тадқиқ этиш ва нодир меросни халқаро миқёсда кенг тарғиб қилишга қаратилган.
Унда ҳадисшунослик соҳасидаги замонавий илмий изланишлар, қўлёзма манбаларни ўрганиш, уларни рақамлаштириш ва илмий муомалага киритиш, ислом маърифати ҳамда инсонпарварлик ғояларини тарғиб қилиш билан боғлиқ долзарб масалалар муҳокама этилади. Конференциянинг ялпи мажлиси ва иккита шуъба йиғилиши қизиқарли маърузаларга бой бўлиши кутилмоқда. Жумладан, шуъба йиғилишларининг биринчи йўналиши “Имом Термизий ва Термиз ҳадисшунослик мактабининг шаклланиши” мавзуига бағишланиб, унда Термиз ҳадис мактабининг пайдо бўлиш тарихи, унинг илмий муҳити, Имом Термизийнинг ҳаёти ва ижоди ҳамда ҳадис илмлари тараққиётига қўшган ҳиссаси, “Термизлик уламолар асарларининг моҳияти ва уларнинг манбашунослик таҳлили” мавзуидаги иккинчи йўналишида термизлик алломаларнинг қўлёзма ва босма асарлари, уларнинг илмий хусусиятлари, манбалар базаси ҳамда тадқиқот методологияси сингари долзарб мавзуларда маърузалар тингланади.

Илмий-амалий конференция Термиздан етишиб чиққан буюк муҳаддислар ва мутафаккирларнинг бой илмий меросини халқаро миқёсда кенг тушунтириш, ислом маърифати ғояларини кенг ёйиш ҳамда турли мамлакатлар олимлари ўртасида илмий мулоқотни мустаҳкамлашда муҳим халқаро платформа вазифасини бажаради. Анжуман қатнашчилари Сурхондарё вилоятидаги Ҳаким Термизий ва Имом Термизий мажмуаларини зиёрат қилади. Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан яқиндан танишади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири