Қорақалпоғистон Республикаси хабарлари – қисқа сатрларда
Ҳудудларда “Оила ва хотин-қизлар маскани” фаолиятини ўрганиш мақсадида ташкил этилган ишчи гуруҳ Тахиатош туманида бўлди.
“Найманкўл” овул фуқаролар йиғинидаги маҳалла биносида жойлашган Оила ва хотин-қизлар маскани фаолияти ва у ердаги шарт-шароитларни ўрганиш эътибор марказида бўлди. Маҳалла аҳолисининг 3 минг нафардан ортиғини хотин-қиз ташкил этади. Ҳудуддаги хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида уларни касб-ҳунарга ўқитиш, соғломлаштириш марказларига жалб этиш ҳамда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш кўникмаларини шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.
***
Элликқалъа туманида томорқачиликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кенгайтириш борасидаги ишлар изчил давом этмоқда.

Ана шу мақсадда тажрибали уста деҳқон Исмоил Нуримов Хитой Халқ Республикасида хизмат сафарида бўлиб, замонавий иссиқхона технологиялари, сувни тежовчи суғориш тизимлари, инновацион деҳқончилик усуллари ҳамда маҳсулотларни етиштириш, сақлаш ва қайта ишлаш бўйича илғор тажрибаларни ўрганмоқда.
Энг муҳими, ушбу тажрибалар эндиликда Элликқалъа туманида амалиётга татбиқ этилади. Уста деҳқон томонидан маҳаллаларда амалий семинарлар, ўқув машғулотлари ва кўргазмали дарслар ташкил этилиб, аҳоли томорқаларида замонавий агротехнологияларни қўллаш бўйича тавсиялар берилади.
Мазкур ташаббус томорқалардан унумли фойдаланиш, фуқаролар даромадини ошириш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда туманнинг экспорт салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади.
***
Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси томонидан янги ташкил этилаётган “Яшил” техникуми кутубхона фонди учун махсус китоблар тўплами топширилди.

Билим энг катта бойлик, китоб эса унинг калитидир. Айниқса, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси каби глобал аҳамиятга эга соҳада замонавий адабиётларнинг ўрни беқиёс.
Топширилган адабиётлар талабаларнинг соҳа сирларини мукаммал эгаллашлари учун муҳим қўлланмадир. Жумладан, атроф-муҳитни асраш, иқлим ўзгаришларига мослашиш ва "яшил" технологиялар бўйича сўнгги маълумотлардан иборат. Айниқса лаборант-эколог ва ўсимликлар ҳимояси бўйича мутахассислар учун зарур илмий манбалардир. Шунингдек, келажак авлод қалбида она табиатга дахлдорлик ва экологик маданиятни шакллантирувчи адабиётлар ҳисобланади.
***
Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги байрами арафасида Нукус шаҳрида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда.

Жумладан, “Ташаббусли бюджет” дастурининг 2026 йилги биринчи мавсумида ғолиб бўлган лойиҳа асосида Нукус шаҳри “Обод макон” маҳалласи ҳудудидаги кўчаларнинг 2 километр 150 метр узунликдаги қисмига янги асфальт қопламаси ётқизилмоқда.
Мазкур лойиҳа "Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий йўллар буюртмачи хизмати" давлат муассасаси буюртмасига асосан "Universal Premium Stroy" масъулияти чекланган жамият томонидан амалга оширилмоқда. Лойиҳа якунлангач, маҳалла аҳолиси учун янада қулай ва хавфсиз ҳаракатланиш шароитлари яратилади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.