Эски кўп қаватли уйда таянч конструкцияни бузган фуқарога чора кўрилди
Эксплуатация муддати 50 йилдан ошган кўп қаватли уйларда ўзбошимчалик билан реконструкция ва қайта режалаштириш ишларини амалга ошириш нафақат қонунбузарлик, балки бинонинг сейсмик барқарорлиги ҳамда аҳолининг хавфсизлигига жиддий таҳдид солади.
Тошкент шаҳрида ана шундай ҳолатлардан бири аниқланиб, қонунбузарга нисбатан маъмурий чора кўрилди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 4 июндаги ПФ–104-сон Фармонига мувофиқ, эксплуатация муддати 50 йилдан ошган кўп квартирали уйларда қайта режалаштириш ва реконструкция ишларини амалга ошириш тақиқланган. Шунга қарамай, айрим мулкдорлар ушбу талабларни бузиб, таянч конструкцияларни ўзбошимчалик билан бузиш ҳолатларига йўл қўймоқда.
Хусусан, Тошкент шаҳрининг Яшнобод тумани "Авиасозлар" маҳалласида яшовчи фуқароларнинг мурожаати асосида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси мутахассислари томонидан ўтказилган ўрганиш давомида кўп квартирали уй мулкдори эксплуатация муддати 50 йилдан ошган бинода ноқонуний равишда қайта режалаштириш ва реконструкция ишларини амалга оширгани аниқланди. Текширув жараёнида мулкдор уйнинг тўсиқ ҳамда таянч конструкцияларини бузганлиги маълум бўлди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай ноқонуний ўзгартиришлар кўп квартирали уйнинг сейсмик барқарорлиги, мустаҳкамлигига жиддий хавф туғдиради. Шу боис фуқаролардан кўп қаватли уйларда ўзбошимчалик билан реконструкция ва қайта режалаштириш ишларини амалга оширмаслик, шунингдек, таянч конструкцияларга шикаст етказмаслик сўралмоқда.
Мазкур қонунбузарлик юзасидан мулкдорга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 159-моддаси 3-қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида жарима қўлланилди. Шунингдек, унга қонунбузарлик оқибатларини белгиланган муддатда бартараф этиш ва обектни аввалги ҳолатига қайтариш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатма берилди. Белгиланган муддатда ушбу талаблар бажарилмаган тақдирда, туманлараро фуқаролик судига даъво аризаси киритилиши ҳақида огоҳлантирилди.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА