Эшкак эшувчи қизларимиз жаҳон чемпионатида финалга йўл олди
Болгариянинг Пловдив шаҳрида 19 ёшгача бўлган спортчилар ўртасида академик эшкак эшиш бўйича жаҳон чемпионати давом этмоқда. Нуфузли мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси олти нафар спортчи билан иштирок этиб, ҳал қилувчи босқичларда муносиб натижалар қайд этмоқда.
Болгариянинг Пловдив шаҳрида академик эшкак эшиш бўйича 19 ёшгача бўлган спортчилар ўртасидаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтмоқда. Дунё биринчилигида 55 мамлакатдан қарийб 660 нафар спортчи 14 йўналиш бўйича медаллар учун баҳс олиб бормоқда.
Ўзбекистон терма жамоаси мазкур мусобақада олти нафар спортчи – тўрт нафар йигит ва икки нафар қиз билан қатнашмоқда. Терма жамоамиз сафида МJ2- дастурида Меҳрож Исроилов ва Ҳусан Худойбердиев, МJ2х баҳсларида Лазизбек Қўчқоров ҳамда Умарали Абдуллаев, WJ2-йўналишида эса Айдана Сметуллаева ва Райҳона Сатторова юртимиз шарафини ҳимоя қилмоқда.
МJ2- дастурида иштирок этаётган Меҳрож Исроилов ва Ҳусан Худойбердиев ярим финал баҳсида бешинчи натижани қайд этиб, В финалида иштирок этадиган бўлди. WJ2- йўналишидаги вакилаларимиз Айдана Сметуллаева ҳамда Райҳона Сатторова эса ярим финалда муносиб иштирок этиб, марра чизиғини иккинчи бўлиб кесиб ўтди. Улар ҳал қилувчи босқичда юқори ўринлар учун курашни давом эттиради. Жаҳон чемпионатининг финал беллашувлари 8 август куни бўлиб ўтади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА