“Эрта аралашув” хизмати қандай ишлайди?
Бола саломатлиги – бу жамият тараққиёти, юрт фаровонлиги. Унинг соғлом вояга етиши учун эса давлат ҳам, ота-оналар ҳам масъул.
Аслида бола саломатлигида лоқайдлик, унинг соғлигидаги ўзгаришларга эътиборсиз қараш оғир ҳолатларга олиб келиши мумкин. Баъзан кичкина гўдак тенгдошларига нисбатан кечроқ ўтирса, кеч юрса, кеч гапирса ёки унинг ривожланишида бошқа ўзгаришлар кузатилса, баъзи ота-оналар кўпинча бу ҳолат вақт ўтиши билан бартараф бўлади, деб ўйлайди. Бироқ айрим ҳолларда зарур ёрдамни кечиктириш боланинг кейинги ривожланишига таъсир қилиши мумкин. Шу боис ривожланишдаги хавф омилларини илк ёшдан аниқлаш ва оилага ўз вақтида кўмак бериш муҳим аҳамиятга эга.
Боланинг жисмонан соғлом бўлиши нималарга боғлиқ? Қандай омиллар боланинг шаклланишига таъсир кўрсатади?
Бугун мамлакатимизда соғлиқни сақлаш, тиббиёт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар негизида инсон саломатлиги, унинг соғлом турмуш кечириши ва бунинг учун, соғлом турмуш тарзини яратиш масаласи долзарб масалалардан ҳисобланади ва амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий марказида туради.
Маълумки, мавжуд қонунчиликка асосан, Ўзбекистонда 0 ёшдан 3 ёшгача бўлган болалар учун “Эрта аралашув” хизмати йўлга қўйилган. Унинг асосий вазифаси — ривожланишида кечикиш ёки шундай хавф мавжуд бўлган, шунингдек, ногиронлиги бўлган ёхуд ногиронлик хавфи мавжуд болаларни эрта аниқлаш, уларга зарур ёрдамни ташкил этиш ва оилаларни қўллаб-қувватлашдан иборат.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, болаликнинг дастлабки уч йили ривожланиш учун муҳим давр ҳисобланади. Бу вақтда боланинг ҳаракатланиши, нутқи, атрофдагилар билан мулоқоти ва бошқа кўникмалари шаклланиб боради. Ривожланишдаги эҳтимолий кечикишларни эрта пайқаш мутахассисларга боланинг эҳтиёжларини аниқлаш ва тегишли ёрдамни ташкил этиш имконини беради.
“Эрта аралашув” хизматининг аҳамияти ҳам шундаки, у муаммо янада мураккаблашишини кутиш ўрнига, дастлабки хавф белгилари аниқланган пайтданоқ ҳаракат қилишга қаратилган. Бунда фақат боланинг ҳолати эмас, балки оиланинг уни парваришлаш, ривожланишини қўллаб-қувватлаш ва кундалик машғулотларни тўғри ташкил этиш имкониятлари ҳам эътиборга олинади.
Хўш, бу хизматдан кимлар фойдаланиши мумкин?
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, бир ёшгача бўлган болалар учун хизмат оилавий шифокорнинг ривожланишда кечикиш хавфи мавжудлиги ҳақидаги хулосаси асосида ташкил этилади. Бир ёшдан уч ёшгача бўлган болалар учун эса Психологик-тиббий-педагогик комиссия хулосаси талаб этилади. Ушбу хулосалар асосида бола учун ваучер шакллантирилади. Бу эса белгиланган тартибда хизмат олиш имконини беради. Муҳим жиҳати шундаки, ота-оналар хизмат кўрсатувчини танлаш ҳуқуқига эга. Ваучер олган оила яшаш ҳудудидаги “Эрта аралашув” хизмати кўрсатувчи ташкилотга мурожаат қилиши мумкин. Ушбу хизмат орқали махсус педагоглар ва даволовчи жисмоний тарбия йўриқчилари иштирокида болаларга коррекцион-педагогик ёрдам, нутқ ва жисмоний ривожлантириш машғулотлари кўрсатилади. Хизмат нодавлат ташкилотлар томонидан махсус электрон реестр асосида йўлга қўйилади. Шунингдек, анатомик нуқсонлар билан туғилган болаларнинг қўшимча тиббий текширув ва жарроҳлик харажатлари Давлат тиббий суғурта жамғармаси ҳисобидан қопланади.
Хизмат Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ҳудудий бошқармалари хулосаси асосида тегишли реестрга киритилган нодавлат хизмат кўрсатувчилар томонидан амалга оширилади. Улар қаторига юридик шахслар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва якка тартибдаги тадбиркорлар киради. Ҳудуддаги хизмат кўрсатувчилар тўғрисидаги маълумотни туман ёки шаҳар “Инсон” ижтимоий хизматлар марказидан олиш мумкин.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, “Эрта аралашув” хизмати учун субсидия миқдори кўрсатилган хизматнинг ҳар бир соати учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 13 фоизи этиб белгиланган. Бунда бир болага ҳафтасига кўпи билан олти соат, бир кунда икки соатдан ошмаган ва бир ойда 24 соатгача хизмат кўрсатилиши мумкин. Субсидия миқдорини ҳисоблашда ҳудудлар бўйича ҳам фарқ мавжуд. Жумладан, вилоят марказлари ва Нукус шаҳрида 1,1, Тошкент шаҳрида эса 1,3 коэффициент қўлланилади. Мазкур механизм хизмат кўрсатувчилар фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш ва болаларнинг зарур ёрдамдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган. Бугунга қадар 142 нафардан ошиқ тадбиркорга 475,5 миллион сўм субсидия ажратилиб, 3 ёшгача бўлган ногирон ва ривожланишида нуқсони бор бор 1,2 минг нафар болага реабилитация, уларнинг ота-онасига психологик хизматлар кўрсатилган.
“Эрта аралашув” хизматини фақат ривожланишида кечикиш кузатилаётган болаларга ёрдам кўрсатиш механизми сифатида баҳолаш тўлиқ бўлмайди. Унинг яна бир муҳим жиҳати — оилани муаммо билан ёлғиз қолдирмаслик, ота-оналарга зарур кўмак олиш йўлини кўрсатиш ва боланинг индивидуал эҳтиёжларига мос ёрдамни ташкил этишдир. Айни пайтда хизматнинг самарадорлиги унинг амалиётда қай даражада йўлга қўйилишига ҳам боғлиқ. Ота-оналарнинг хизмат ҳақида хабардорлиги, ҳудудларда малакали мутахассислар мавжудлиги, хизмат кўрсатувчиларни танлаш имконияти ва ёрдамнинг узлуксизлиги муҳим аҳамият касб этади. Зеро, ривожланишдаги хавфни эрта аниқлашнинг ўзи етарли эмас. Бу аниқлаш ўз вақтида ва боланинг эҳтиёжларига мос ёрдам билан давом этсагина, кутилган натижага эришиш мумкин.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА