Ички ишлар вазирлиги ва Ислом цивилизацияси маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Ички ишлар вазирлиги ва Марказ ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандумини имзолаш ва “Энг яхши китобхон” танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Ички ишлар вазирлиги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар орасида Марказ билан тизимли ҳамкорликни йўлга қўйган дастлабки тузилмалардан бири бўлди. Тадбирда ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Диёрбек Саттаров, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, вазирлик ва Марказ масъул ходимлари ҳамда “Энг яхши китобхон” кўрик-танловининг республика босқичи иштирокчилари қатнашди.
Сўзга чиққанлар давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бунёд этилган ушбу маскан халқимизнинг бой тарихий, илмий ва маънавий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш, айниқса, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий ғурур, тарихий хотира ва аждодлар меросига ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим маърифат маскани эканини таъкидлади.
Имзоланган меморандумга мувофиқ, ички ишлар органлари ходимлари, курсант ва тингловчиларнинг тарихий ҳамда маънавий-маърифий билимларини ошириш, уларда Ватанга садоқат, миллий ғурур ва тарихий хотира туйғуларини мустаҳкамлаш, буюк аллома ва мутафаккирларимиз меросини чуқур ўрганиш йўналишларида тизимли ҳамкорлик олиб борилади.

Шунингдек, Марказда маънавият соатлари, очиқ дарслар, илмий-маърифий учрашувлар ва давра суҳбатларини ташкил этиш, конференция ва семинарларни ҳамкорликда ўтказиш, ходимлар учун экскурсиялар уюштириш, қўшма маърифий, медиа ва рақамли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишиб олинди.
Тадбир доирасида ички ишлар органлари ходимлари ўртасида ўтказилган “Энг яхши китобхон” кўрик-танловининг Республика босқичи ғолиблари тақдирланди. Кўрик-танлов якунларига кўра, 3-ўринни Беруний тумани ИИБдан лейтенант Элмира Ўрозматова, 2-ўринни Навоий вилояти ИИБдан капитан Бунёд Тўймуродов, 1-ўринни эса Тошкент шаҳар ИИББдан лейтенант Камронбек Исмоилов эгаллади.

Ғолиб ва совриндорлар Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан пул мукофотлари ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тантанали равишда тақдирланди.
Мазкур тадбир ва ҳамкорлик меморандуми ички ишлар органларида китобхонлик ҳамда мутолаа маданиятини юксалтириш, ходимларнинг маънавий-маърифий салоҳиятини ошириш, уларда миллий ғурур, ватанпарварлик ва хизмат бурчига садоқат туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
ЎзА