Енгил атлетикачиларимиз медаллар жамғаришда пешқадам
Тошкент шаҳридаги “Олимпик” стадионида енгил атлетика бўйича катталар ўртасида III Марказий Осиё очиқ чемпионати давом этмоқда.
Мусобақанинг иккинчи кунида Ўзбекистон вакиллари югуриш, сакраш ва эстафета дастурларида совринли ўринларни эгаллади.
Эркаклар ўртасида 400 метрга югуришда Аббос Тоштемиров 47,14 сония натижа билан бронза медалга сазовор бўлди.
1500 метрга югуришнинг биринчи гуруҳида Руҳшод Мамуров биринчи, Элдор Ботиров иккинчи, Насимбек Туйчиев учинчи ўринни эгаллади.
Иккинчи гуруҳда Азизбек Шукруллаев биринчи, Асилбек Тўхтамуродов иккинчи, Жаҳонгир Раҳматуллаев учинчи бўлди.
Эркаклар ўртасидаги 4х100 метрга эстафетада Ўзбекистон терма жамоаси 41,19 сония натижа билан ғолиб чиқди.

Аёллар ўртасида 5000 метрга югуришда Маржона Аҳмадалиева 16:57.19 дақиқа натижа билан олтин медални қўлга киритди. Садафбону Нусратиллоёва 17:16.32 дақиқа билан учинчи ўринни эгаллади.
Эркаклар ўртасида уч ҳатлаб сакрашда Ихтиёр Аҳмаджонов 15,22 метр натижа билан кумуш медалга сазовор бўлди.
Баландликка сакраш баҳсида Вадим Чикалов 2,09 метр натижа билан иккинчи, Амир Нагаев 2,09 метр билан учинчи ўринни эгаллади.
Мусобақанинг икки кунлик натижаларига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси мусобақада 15 та олтин, 16 та кумуш ва 14 та бронза, жами 45 та медаль билан умумий медаллар рейтингида етакчилик қилмоқда.
Медаль жамғаришда Қозоғистон 9 олтин, 6 кумуш, 5 бронза билан иккинчи, Туркманистон эса 2 олтин, 2 кумуш, 2 бронза медаль билан учинчи ўринда бормоқда.

Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА