Гандболчи ёшларимиз Осиё чемпионатида Ҳиндистон жамоасини мағлуб этди
Иордания пойтахти Аммон шаҳрида гандбол бўйича ўтаётган 11-Осиё чемпионати гуруҳ босқич ўйинларининг учинчи турида Ўзбекистон U-18 терма жамоаси муваффақиятга эришди.
Кеча ўтказилган мазкур турда ўзбекистонлик гандболчи йигитлар Ҳиндистон жамоаси билан куч синашди.
Учрашув ҳар жиҳатдан шиддатли кечди. Майдоннинг ҳар бир чизиғида тўп учун шиддатли курашлар бўлиб ўтди. Бу жамоаларнинг жамғарган очколари ҳолатида ҳам ўз аксини топди. Ўзбекистон 0 Ҳиндистон: 38:35.
Ҳиндистон терма жамоасини 3 та очко фарқи билан мағлуб этган Ўзбекистон U-18 терма жамоаси энди гуруҳдаги сўнгги ўйинни 26 август куни ўтказади.
Ҳамюртларимиз 4-турда Иордания жамоасига қарши майдонга тушади.
Ортда қолган учта тур ўйинлари сарҳисобига кўра, “А” гуруҳида 6 очко жамғарган Баҳрайн ва Жанубий Корея жамоалари 1 ва 2-ўринни банд этган бўлса, 2 очкога эга Индонезия ва Ўзбекистон кейинги қаторларда ҳаракатланмоқда. 3 та турда биронта ҳам очко жамғармаган Ҳиндистон жамоаси сўнгги ўринда бормоқда.

Маълумот учун, ўсмирлар ўртасидаги 12-жаҳон чемпионатига саралаш босқичи вазифасини ўтайдиган мазкур чемпионатда 10 та миллий терма жамоа 2 та гуруҳга бўлинган ҳолда баҳслашмоқда.
“А” гуруҳида Жанубий Корея, Баҳрайн, Иордания, Ўзбекистон ва Ҳиндистон жамоалари, “Б” гуруҳда Қатар, Эрон, Кувайт, Сурия, Саудия Арабистони жамоалари куч синашмоқда.
Эслатиб ўтамиз, қитъа чемпионати ўйинлари 31 августга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА