Маҳоратли дзюдочиларни тайёрлаш масаласи муҳокама қилинди
Мамлакатимиз спорт шарафини халқаро мусобақаларда муносиб ҳимоя қиладиган маҳоратли дзюдочиларни саралаш, тайёрлаш ва йўналтиришда ҳудудларда фаолият кўрсатаётган спорт клублари ва тўгараклардаги машғулотлар жараёни муҳим аҳамият касб этади.
Жаҳон дзюдосида ўз маҳорати билан эътибор қозонган яқин ўтмишдаги ва бугунги кундаги номдор дзюдочиларимиз Армен Багдасаров, Абдулла Тангриев, Ришод Собиров, Фарҳод Тўраев, Рамзиддин Саидов, Давлат Бобонов, Музаффарбек Тўрабоев, Диёра Келдиёрова каби ўнлаб спортчилар айнан ҳудудлардаги спорт залларда шуғулланган, вилоятлардаги ички мусобақаларда тобланган. Ўз иқтидорини рўёбга чиқарган, миллий терма жамоага жалб этилган.
Бошқача айтганда, Ўзбекистон дзюдосининг юзи ҳисобланган профессионал спортчилар ҳудудларда камолга етган.
Ўзбекистон дзюдо федерациясида ҳудудий бўлимлар ижрочи директорлари иштирокида ўтказилган йиғилишда жойларларда дзюдо спорт турини янада ривожлантириш, уни янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.

Муҳокамалар жараёнида ҳудудларда олиб борилаётган машғулотлар ҳолати, дзюдо залларида яратилган шарт-шароитлар, маҳоратли дзюдочи ёшларни шаффоф селекция қилишни янада такомиллаштириш, вилоятларда ўтказиладиган мусобақалар сонини кўпайтириш, мураббийлар малакаси каби бир қатор масалалар таҳлил қилинди.
Жойларда бунёд этилган енгил конструкцияли ихтисослаштирилган дзюдо залларида машғулот самарадорлигини ошириш, илғор тажрибаларни татбиқ этиш, ёш дзюдочилар ўртасида ташкил этиб келинаётган “Uzbekistan Judo Tour” мусобақаларининг янги мавсумини юқори савияда ўтказиш, қўшма машғулот ва назорат мусобақаларини ташкил этиш дастурлари кўриб чиқилди.
Т.Рўзиев,
ЎзА