Енгил атлетика: Анвар Анваров Венгрия турнирида совриндор бўлди
Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида "World Athletics Continental Tour Gold" туркумига кирувчи, енгил атлетика афсонаси Истван Гюлай хотирасига бағишланган Венгрия Гран-присида маҳоратли спортчимиз муваффақиятга эришди.
“Бриллиант лига” мусобақаларидан кейинги ўринда турадиган мазкур нуфузли мусобақада дунёнинг энг кучли атлетлари ғолиблик учун кураш олиб борди.
Олимпия ўйинлари совриндорлари, жаҳон рекордчилари билан кечган муросасиз баҳсларда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Анвар Анваров Венгрия мусобақасида юқори натижа қайд этиб, совриндорлар сафидан жой олди.

Эркаклар ўртасидаги узунликка сакраш баҳсларида ҳамюртимиз 8,12 метр натижа қайд этди. У дастлабки уч уриниш якунига кўра, мусобақада пешқадамликни қўлга киритди. Кейинги уринишларда рақибларининг натижалари эвазига мусобақани кумуш медаль билан якунлади.
Мусобақада Греция вакили Милтиадис Тентоглу 8,31 метр натижа билан ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди. Анваров сингари 8,12 метр кўрсаткичга эришган германиялик Зимон Батс бронза медалга эга чиқди.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА