Энергия назорати соҳасида 9 ойлик фаолият сарҳисоб қилинди
Энергия ресурсларидан самарали ва қонуний фойдаланишни таъминлаш, истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда назорат механизмларини такомиллаштириш соҳадаги муҳим вазифалардан ҳисобланади. Бу жараёнда назорат тадбирларининг самарадорлиги билан бир қаторда, аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш ҳам алоҳида аҳамият касб этади.
Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида ушбу йўналишда олиб борилган ишлар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясида танқидий таҳлил қилинди.
Инспекция бошлиғи Аҳадхон Исоқжонов бошчилигидаги йиғилишда 9 ойлик фаолият натижалари муҳокама қилиниб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва иш самарадорлигини ошириш чоралари юзасидан фикр алмашилди.
Муҳокамалар давомида ҳудудларда ўтказилаётган сайёр қабулларнинг самарадорлиги ҳамда тадбиркорлар мурожаатлари билан ишлаш ҳолатига баҳо берилди. Айрим ҳудудий бошқармаларда мурожаатларни ўрганишга етарлича эътибор қаратилмагани қайд этилиб, масъулларга тегишли огоҳлантиришлар берилди.

Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш борасидаги ишларни кучайтириш ҳам кун тартибидаги асосий масалалардан бири бўлди. Истеъмолчилар ўртасида ресурсларни тежаш бўйича профилактик тадбирларни кенгайтириш ва энергия аудитини самарали ташкил этиш юзасидан аниқ вазифалар қўйилди.
Энергетика объектларининг эксплуатация ҳолатига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Улардаги ишлар талаблар асосида ташкил этилиши ва объектларни мунтазам ўрганиб бориш амалиётини кучайтириш зарурлиги қайд этилди.
Инспекциянинг назорат-кимё лабораториялари фаолияти бўйича ҳам масъулларга топшириқлар берилди. Истеъмолчиларга етказиб берилаётган нефть маҳсулотлари сифати устидан назорат тадбирларини мунтазам давом эттириш лозимлиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, йиғилишда коррупциянинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар натижадорлиги ҳам муҳокама қилиниб, мазкур йўналишдаги ишларни янада кучайтириш зарурлигига эътибор қаратилди.
Якунда ҳудудий бошқармалар масъулларининг ҳисоботлари тингланди. Соҳада аниқланган камчиликларни бартараф этиш, назорат ишларини кучайтириш ва келгуси даврда эътибор қаратилиши лозим бўлган йўналишлар бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА