Энергетика соҳасида янги тайинланган раҳбарлар жамоага таништирилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёқилғи-энергетика масалалари бўйича маслаҳатчиси Беҳзод Норматов иштирокида ёқилғи-энергетика тизими ташкилотларига янги тайинланган раҳбарларни жамоага таништириш тадбири ўтказилди.
Унда энергетика вазири Шерзод Хўжаев, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раиси Сардор Исақулов ҳамда “Ўзэнергоинспекция” раҳбари этиб тайинланган Аҳад Исоқжонов тизим жамоасига расман таништирилди.
Учрашувда Президент раҳбарлигида шу куни ўтказилган йиғилишда белгилаб берилган устувор вазифалар муҳокама қилинди. Уларни белгиланган муддатларда, сифатли ва тўлиқ амалга ошириш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.

Шунингдек, соҳада ижро интизомини янада кучайтириш, ҳар бир топшириққа масъулият билан ёндашиш ҳамда хизмат вазифаларини виждонан бажариш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди. Раҳбар ва масъул ходимлар зиммасидаги шахсий жавобгарлик юқори экани таъкидланиб, бефарқлик ёки вазифага нисбатан масъулиятсиз муносабатга мутлақо йўл қўйилмаслиги қайд этилди.

Йиғилишда ёқилғи-энергетика соҳасида ҳали амалга оширилиши лозим бўлган ишлар кўплиги, эришилаётган натижалар эса кундалик меҳнатнинг табиий самараси сифатида баҳоланиши лозимлиги таъкидланди. Барча саъй-ҳаракатлар белгиланган вазифаларнинг самарали ва тўлиқ ижросини таъминлашга йўналтирилиши зарурлиги уқтирилди.

Энергетика вазирлиги ахборот хизматига кўра, тадбир якунида тизим ташкилотлари раҳбарлари ва жамоалари олдида турган вазифаларни ўзаро ҳамжиҳатлик, юксак масъулият, фидойилик ва қатъий интизом асосида амалга ошириш муҳим экани яна бир бор эслатиб ўтилди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА