Эл эъзозидаги Аҳмад ота
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бухоро вилоятида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, ички ишлар органлари фахрийси Аҳмад ота Муҳсинов хонадони шу кунларда ҳар қачонгидан гавжум. Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла фаоллари ҳамда ёшлар ушбу хонадонга ташриф буюриб, отахонни байрам муносабати билан қутламоқда.
Аҳмад ота 19 ёшида фронтга йўл олиб, 1947 йилгача жангларда иштирок этган. Урушдан сўнг Европанинг турли ҳудудларида ҳарбий хизматни давом эттирган. Кейинчалик Бухоро давлат университети (собиқ Бухоро давлат педагогика институти)нинг тарих йўналишини тамомлаб, дастлаб педагог сифатида, сўнгра эса узоқ йиллар ички ишлар тизимида самарали меҳнат қилган.
Бухоро давлат университети вакиллари ҳам отахон ҳолидан хабар олиб, унга юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатди.
Самимий суҳбат чоғида устознинг ибратли ҳаёт йўли, уруш йилларидаги жасорати ҳамда юрт равнақи йўлидаги хизматлари алоҳида эътироф этилди. Бундай учрашувлар ёшлар учун ватанпарварлик, садоқат ва инсонпарварлик намунаси экани таъкидланди.
[gallery-29212]
Аҳмад ота кўрсатилаётган эътибор ва эҳтиром учун самимий миннатдорлик билдириб, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва ёшлар камоли учун дуо қилди.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА