Экологик барқарорлик ва соғлом атроф-муҳит назоратда бўлиши шарт
Ангор туманида Сурхондарё вилоятининг атроф-муҳит мониторинги, автотранспорт воситаларига экологик стикерлар бериш, қурилиш ва маиший чиқиндиларни бошқариш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов иштирокида ўтказилган йиғилишда Президентимизнинг 2025 йил 18 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилган вазифаларнинг ижроси таҳлил қилинди. Атроф-муҳитга таъсири бўйича I ва II тоифага мансуб корхоналарда фон мониторинг станцияларини ўрнатиш ишлари муҳокама этилди. Экологик барқарорликни таъминлаш, аҳоли учун қулай, соғлом атроф-муҳит яратиш ҳамиша жиддий назоратда бўлиши зарурлиги таъкидланди.

Йиғилишда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг Давлат экологик сертификатлаштириш маркази директори Нодир Юнусов корхоналарда фон мониторинг станцияларини ўрнатиш, уларни техник талабларга мувофиқ жойлаштириш ҳамда экологик мониторинг миллий марказига интеграция қилишнинг тартиб ва тамойиллари юзасидан батафсил тушунтириш берди. Мониторинг ускуналарини танлаш, ўрнатиш жараёнлари, шунингдек, маълумотларнинг узлуксиз ва ишончли узатилишини таъминлаш юзасидан тавсияларини билдирди.

Қайд этилдики, вилоятдаги 127 та корхонада фон мониторинг станцияларини ўрнатиш белгиланган. Бироқ, ҳозиргача уларнинг атиги 2 тасида мазкур ускуна ўрнатилган. “Petromaruz-Uzbekistan”, “Termiz xalqaro aeroporti”, “Top Quality Brend” масъулияти чекланган жамиятлари корхоналарида “AURIS GREENTECH” корхонаси билан ҳамкорликда ускунани ўрнатиш бошланган.

Йиғилишда Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 28 ноябрдаги 750-қарорига мувофиқ вилоятда 36 мингдан ортиқ автотранспорт воситасига экологик стикер расмийлаштирилган бўлса-да, бу рақам Республика кўрсаткичига нисбатан паст экани таъкидланиб, масъул ташкилотларга ишларни тезлаштириш топширилди. Шунингдек, қурилиш ва маиший чиқиндиларни бошқариш, санитария тозалаш хизматлари сифати ҳамда чиқиндиларни полигонларга жойлаштириш билан боғлиқ масалалар атрофлича кўриб чиқилди. Воҳада санитария хизматлари самарадорлигини ошириш, давлат-хусусий шериклик асосида хизмат кўрсатаётган корхоналарнинг мажбуриятлари бажарилишини қатъий назорат қилиш, чиқинди полигонлари билан боғлиқ дебитор қарздорликларни ундириш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб олинди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири