Абдураҳмон Каримов "Andijan Cup" ғолибига айланди
Андижон шаҳрида теннис бўйича ўсмирлар ўртасидаги Халқаро теннис федерацияси тақвимидан ўрин олган J30 таснифига кирувчи "Andijan Cup" мусобақаси бўлиб ўтди.
Халқаро турнирнинг ўғил болалар ўртасидаги яккалик баҳслари финалида ҳамюртимиз Абдураҳмон Каримов россиялик Андрей Ткаченкога қарши кортга чиқиб, 6:3, 6:2 ҳисобида ғалаба қозонган ҳолда мусобақа ғолибига айланди.
Жуфтлик беллашувларида эса Саидумар Саидакбаров ва Аҳмаджон Тошмуҳамедов тандеми россиялик Тимур Гизатуллин ҳамда Андрей Ткаченко дуэтига қарши бош соврин учун рақобатлашди. Афсуски, уч сет давом этган учрашувда вакилларимиз 6:2, 6:7, 10:6 ҳисобида имкониятни бой берди.
Қизлар ўртасидаги яккаликлар ўртасида ёш теннисчимиз Муслимахон Турдимуродова беларуслик Виктория Нахибович билан куч синашди. Ушбу ўйинда Виктория 6:4, 6:3 ҳисобида зафар қучди. Шу тариқа Виктория чемпион, Муслимахон эса вице-чемпионга айланди. Жуфтлик беллашувида эса нейтрал теннисчи Полина Молчанова билан биргаликда ўйнаган Муслимахон Турдимуродова 5:7, 2:6 ҳисобида беларуслик Станислава Алейникава ҳамда Виктория Нахибовичга имконимятни бой бериб қўйди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА