Дзюдо: Ёшларимиз “Almaty Juniors Asian Cup 2026”да биринчи ўринни эгаллади
Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида поёнига етган “Almaty Cadets and Juniors Asian Cup 2026” баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари умумжамоада 1-ўринни эгаллади.
12 та мамлакатнинг маҳоратли ёш дзюдочилари иштирок этган қитъа кубоги беллашувларида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзолари умумий ҳисобда 7 та олтин, 6 та кумуш, 5 та бронза медаль соҳибига айланди.

Маҳоратли дзюдочи ёшларимиз Нигина Умирзоқова, Райҳона Маматова, Севинч Расулова, Дилшод Каримов, Асадбек Мисиров, Беҳрузбек Рустамбоев, Муҳаммадали Саъдуллаев ўз вазн тоифаларида олтин медалларни қўлга киритиши натижасида улар шарафига Олмаота спорт майдонида Ватанимиз байроғи кўтарилиб, мадҳиямиз баралла янгради.
Умумий ҳисобда 18 та медалга эгалик қилган жамоамиз умумжамоада 1-ўриндан жой олган бўлса, Қозоғистон ёшлар жамоаси иккинчи, Хитой Тайпейи вакиллари эса кучли учликка якун ясади.
Т.Рўзиев, ЎзА