"London Chess Classic 2026": Абдусатторов бугун Англияда Иванчук билан куч синашади
Лондонда давом этаётган “London Chess Classic 2026” халқаро турнири “Мастерс” гуруҳининг ортда қолган 2-турида ўтказилган 5 та жуфтлик ўйинларининг 3 тасида дуранг, 2 тасида ютуқ қайд этилди.
Кеча ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов 2-турда қора доналарда англиялик Майкл Адамс билан баҳс олиб борди. Европалик тажрибали шахматчига қарши ўйиннинг 33-юришидан кейинги бир хил вазият натижасида учрашув дуранг билан якунланди.

Шунингдек, Ниҳал Сарин (Ҳиндистон) - Энди Вудворд (АҚШ), Люк МакШейн (Англия) - Игор Самуненков (Украина) ўртасидаги ўйинларда ҳам муроса йўли танланди.
Мазкур турда АҚШ вакили Левон Аронян қора доналарда Люк МакШейнни, англиялик Гавейн Маророа Жонс ҳам қора доналарда украиналик Василий Иванчукни таслим этди.

Бугун, 27 ноябрь куни “London Chess Classic 2026” халқаро турнирининг 3-турида Нодирбек Абдусатторов оқ доналарда тажрибали Василий Иванчук билан баҳс олиб боради.
Ортда қолган 2 та тур ўйинларидан кейин Гавейн Маророа Жонс, Энди Вудворд, Левон Аронян ва Нодирбек Абдусатторов 1,5 очко билан турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, “London Chess Classic 2026” халқаро турнири “Мастерс” гуруҳининг умумий мукофот жамғармаси 131 минг АҚШ долларидан иборат.
Мусобақа 4 декабрга қадар давом этади.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА