Дўстлик — юртимизнинг энг катта бойлиги
Дунёда чегаралар, тиллар ва маданиятлар турлича бўлиши мумкин. Аммо барча халқларни бирлаштирадиган энг улуғ қадрият бор. Бу — дўстлик.
Шу боис, БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 30 июль — Халқаро дўстлик куни сифатида эътироф этилган.
Ўзбекистон эса бу қадриятни нафақат эъзозлайди, балки уни кундалик ҳаёт тарзига айлантирган давлатлардан биридир. Бугун юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ягона Ватан фарзандлари сифатида тинч-тотув яшаб, бир мақсад — мамлакат тараққиёти йўлида елкама-елка меҳнат қилмоқда. Бу ҳамжиҳатлик янги Ўзбекистоннинг энг катта ютуқларидан бири саналади.

Айни кунларда мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган “Дўстлик” фестивали ана шу эзгу ғояларни янада мустаҳкамламоқда. Тошкентдан тортиб энг чекка қишлоқ ва овулларгача байрамона муҳит ҳукм сурмоқда. Турли ҳудудларда адабий кечалар, дўстлик учрашувлари, миллий таомлар кўргазма ва танловлари, шеърхонлик ва мусиқий беллашувлар, концерт дастурлари ҳамда маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда. Бу тадбирларда турли миллат вакиллари ўз маданияти, урф-одатлари ва анъаналарини намойиш этиб, бир-бирининг қадриятларига янада яқинлашмоқда.

Самарқанд шаҳрида илк бор ўтказилган “Биродар шаҳарлар” халқаро форуми ҳам дўстликнинг чегара билмас кучини яна бир бор намоён этди. Форум турли давлатлар шаҳарларини ягона мулоқот майдонида бирлаштириб, халқ дипломатияси, инвестициялар, туризм, таълим ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорлик учун янги имкониятлар эшигини очди.

Дўстликнинг кучи шундаки, у нафақат инсонларни, балки халқлар ва давлатларни ҳам яқинлаштиради. Ўзаро ишонч мустаҳкамланган жойда тинчлик қарор топади, тинчлик бор жойда эса тараққиёт ва фаровонлик бўлади.
Бугун дунё турли синовларга дуч келаётган бир пайтда Ўзбекистондаги миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳити барча учун ибрат бўла олади. Бу бойликни асраш, уни янада мустаҳкамлаш ва келажак авлодга етказиш эса ҳар биримиздан масъулият ва фидойилик талаб этади.
Зеро, дўстлик — бу шунчаки яхши муносабат эмас. У тинчликнинг кафолати, тараққиётнинг асоси ва янги Ўзбекистоннинг энг бебаҳо бойлиги.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА