ДХХ кубоги: Истеъдодлар оммавий футбол мусобақалари орқали кашф этилади
Мамлакатимизда ёш ўғил-қизларни спортга кенг жалб этиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, иқтидорли ёшларни аниқлаш ҳамда футбол ва мини-футболни оммалаштириш мақсадида олтинчи бор ўтказилаётган бу йилги Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) кубоги мусобақалари ҳар қачонгидан ҳам кўтаринки руҳда ташкил этилмоқдаки, бу, қамровнинг кенглигида ўз ифодасини топмоқда.
Истеъдодли футболчи-ёшларни кашф этишга қаратилган мазкур мусобақалар туман, шаҳар ва вилоятлар босқичларида ўтказилиб, саралаш мусобақалари, хусусан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан шакллантирилган жамоалар ўртасида уч босқичли тизимда ташкил этилди.
Биринчи ва иккинчи босқичлардаги саралашда ўз иқтидорини намойиш этган, ғалабага бўлган кучли иродасини кўрсатган жамоалар республика финал босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
[gallery-30924]
Бугун, 17 августдан пойтахтимиздаги “Бунёдкор” футбол академияси майдонларида футбол бўйича ўғил болалар жамоалари ҳамда мини-футбол бўйича ўғил ва қиз болалар жамоалари ўртасидаги илк саралаш мусобақалари бошланди.
Айтиш лозимки, умумий ҳисобда 42 та жамоанинг 500 нафардан зиёд ёшлари иштирок этаётган ДХХ кубоги ўйинларини кўтаринки руҳда, ёшлар учун ҳақиқий спорт байрами кўринишида ўтказиш учун Спорт вазирлиги, Ўзбекистон футбол ассоциацияси, Ўзбекистон футзал федерацияси ва тегишли ташкилотларнинг мутахассислари, ҳакамлик гуруҳлари иш олиб бормоқда.
Ўйинлар дастурига мувофиқ, саралаш мусобақалари 21 августга қадар давом этади.
Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) кубогининг финал ўйинлари 22 август куни пойтахтимиздаги “Жар” спорт-соғломлаштириш мажмуасида бўлиб ўтади.
Т.Рўзиев,
А.Мамадаминов (сурат),
ЎзА