Депутатлар мулоқоти: тажриба алмашиш ва ҳамкорлик истиқболлари
Тошкент вилоятида Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши ҳамда Корея Республикасининг Кёнсан-намдо провинцияси Кенгаши делегацияси ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Тошкент вилояти Касаба уюшмалари федерацияси биносида ўтказилган мулоқотда Корея Республикасидан 21 нафар, Тошкент вилоятидан 9 нафар депутат иштирок этди. Асосий мақсад ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, маҳаллий вакиллик органлари ўртасида тажриба алмашиш ва истиқболли ҳамкорлик йўналишларини белгилашдан иборат бўлди.

Мулоқотда Тошкент вилояти томонидан Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши котибияти мудири О.Анаров ҳамда Халқ депутатлари Қибрай тумани Кенгаши раиси Б.Маҳамадалиев томонидан маҳаллий вакиллик органлари фаолиятини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Хусусан, Ўзбекистонда маҳаллий Кенгашларнинг роли ва ваколатларини ошириш, депутатлик назоратини кучайтириш, аҳоли манфаатларини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар хусусида сўз юритилди. Шунингдек, маҳаллий бошқарувда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ва ёшларни қўллаб-қувватлаш масалаларига эътибор қаратилди.

Корея Республикаси делегацияси вакиллари ҳам ўз мамлакатларидаги маҳаллий Кенгашлар фаолияти, уларнинг ваколатлари ва ҳудудларни бошқаришдаги иштироки юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирди. Жумладан, Корея–Марказий Осиё Дўстлик депутатлар гуруҳи раиси, Таълим қўмитаси аъзоси Пак Ин, мазкур гуруҳ аъзоси, Ишларни мувофиқлаштириш қўмитаси раиси ўринбосари ва Режалаштириш ва давлат бошқаруви қўмитаси аъзоси И Гван Мэн, шунингдек, гуруҳ аъзоси, Таълим қўмитаси раиси ўринбосари Ким Бон Нам маҳаллий вакиллик органлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.

Мулоқот давомида Тошкент вилояти ва Кёнсан-намдо провинцияси ўртасидаги алоқаларни маҳаллий даражада ривожлантириш, депутатлар ва Кенгашлар котибиятлари ходимлари ўртасида тажриба алмашинувини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, маҳаллий бошқарув жараёнларига рақамли технологияларни жорий этиш, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ва депутатлик назорати механизмларини такомиллаштириш юзасидан фикр алмашилди.
Иқтисодий, инвестициявий ва технологик ҳамкорликни кенгайтириш, таълим муассасалари, ёшлар ва мутахассислар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалигида замонавий технологиялардан фойдаланиш, маданият ва туризм соҳаларида қўшма ташаббусларни амалга ошириш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.

Учрашувдаги муҳим масалалардан бири Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши ва Кёнсан-намдо провинцияси Кенгаши ўртасида Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Ният баёнини имзолаш ташаббуси бўлди. Қайд этилганидек, мазкур ҳужжат икки ҳудуднинг маҳаллий вакиллик органлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, ўзаро ҳамкорликни тизимли йўлга қўйиш ва келгусидаги қўшма ташаббуслар учун ташкилий асос яратишга хизмат қилади.
Учрашув якунида маҳаллий вакиллик органлари фаолияти бўйича тажриба алмашишни давом эттириш, ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда муҳокама қилинган йўналишлар бўйича ҳамкорлик имкониятларини ўрганиш муҳимлиги таъкидланди.
А.Мусаев,ЎзА