Дендрология боғи — табиат, илм ва соғлом келажак маскани
Замонавий шаҳарлар кенгайиб, саноат ривожлангани сари табиатни асраш ва экологик мувозанатни сақлаш энг долзарб масалалардан бирига айланмоқда.
Ана шундай шароитда дендрология боғлари нафақат гўзал сайилгоҳ, балки улкан илмий ва экологик аҳамиятга эга марказ сифатида муҳим ўрин тутади. Дендрология боғининг энг катта афзаллиги — биологик хилма-хилликни сақлаши. Бундай боғларда турли минтақалардан келтирилган ноёб, эндемик ва йўқолиб бораётган дарахт ҳамда бута турларининг генофонди асраб қолинади. Шу билан бирга, олимлар ва мутахассислар бошқа минтақалардан келтирилган ўсимликларни маҳаллий иқлим шароитига мослаштириш (иқлимлаштириш) ва кўпайтириш бўйича илмий тажрибалар олиб боради.
Экологик нуқтаи назардан дендробоғлар шаҳарларнинг «яшил ўпкаси» вазифасини бажаради. Қалин дарахтзорлар ҳавони чанг ва зарарли газлардан тозалайди, кислород миқдорини оширади ҳамда жазирама кунларда атрофда салқин микроиқлим ҳосил қилади.
Ўзбекистонда ҳам дендрология боғлари ва йирик дендрологик коллекцияга эга масканлар кўпайтирилмоқда. Жумладан, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида "Green University"да ҳам дендрология боғи барпо этилмоқда.

16,5 гектар майдонда қад ростлаётган мазкур дендрология боғига жами 65 минг 37 туп манзарали дарахт ва бута кўчатлари экилиши режалаштирилган. Ҳудуд дарахт турларига қараб тақсимланган бўлиб, бу ерда 4 та махсус ҳудуд — сунъий кўл, атиргуллар боғи, доривор ўсимликлар ҳудуди ҳамда болалар майдончаси барпо этилиши кўзда тутилган.
Яна бир эътиборга молик жиҳати шундаки, кўчатларни парваришлашда ёғочни қайта ишлашдан қолган дарахт бўлаклари ва майда қипиқларидан фойдаланилмоқда. Бу усул ёғингарчилик мавсумида тупроқ намлигини сақлашга ҳамда дарахтларнинг табиий ўғит билан озиқланишига хизмат қилади.

Ҳозирга қадар боғ ҳудудига 3 мингдан ортиқ дарахт кўчатлари ҳамда буталар ва манзарали гуллар экилган, бунёдкорлик ишлари жадал давом этмоқда. Режага кўра, ушбу яшил маскан келгуси йилнинг баҳор ойларида аҳоли ҳордиқ чиқариши учун тўлиқ фойдаланишга топширилади.
Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси Моҳира Хўжаева мазкур боғда ўрганиш ишларини олиб борди. Бу ерда олиб борилаётган ишлар билан танишиш жараёнида боғ барпо этиш ишларига ўз ҳиссасини қўшиш мақсадида кўчат экди ҳамда масъулларга лойиҳани янада сифатли амалга ошириш юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар берди.

Таъкидлаш лозимки, бу каби дендрология боғлари таълим ва тарбия маскани ҳам бўлиб, ўқувчилар, талабалар ва ёш тадқиқотчилар учун ботаника ва экология фанларини назарий эмас, балки бевосита табиат қўйнида, амалда ўрганиш имконини беради. Одамлар, айниқса, ёш авлод бу ерда ўсимликлар дунёси билан яқиндан танишиб, табиатга нисбатан меҳр ва масъулият ҳиссини туяди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА