Давлат харидларида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди
Рақобат қўмитасининг ҳудудий органлари томонидан давлат харидлари соҳасида амалга оширилган мониторинг ва келиб тушган мурожаатларни ўрганиш натижасида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан тегишли таъсир чоралари кўрилмоқда.
Энг яхши таклифларни танлаш ва танлов савдоларини ўрганиш натижасида Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги қонуни 29-моддаси талабларига риоя қилинмагани, яъни савдоларда рақобатни чеклайдиган ёки чеклашга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлар Тошкент шаҳри, Сурхондарё, Сирдарё, Қашқадарё, Андижон, Фарғона вилоятларида аниқланган.
Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари махсус комиссиялари томонидан қонун талаблари бузилиши аломатлари билан буюртмачи ташкилотларга нисбатан ишлар қўзғатилиб, бунинг натижаси юзасидан бошқармаларга белгиланган тартибда тегишли таъсир чоралари қўлланилди.
Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш, айрим ҳолатларда молиявий жарима қўллаш ҳамда ҳуқуқий баҳо бериш учун тегишли органларга юбориш билан бирга, келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди.
Давлат харидлари соҳасида қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда рақобат учун тенг имкониятларни яратиш Рақобат қўмитасининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Аниқланган қонунбузилишларнинг олди олиниши давлат маблағларининг самарали ва шаффоф сарфланишини таъминлайди. Шу билан бирга тадбиркорлар учун очиқ ва адолатли рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.
Н.Раҳмонова,
ЎзА