Давлат мулкини хусусийлаштириш борасида қандай ишлар амалга оширилган?
Давлат мулкини бошқариш ва хусусийлаштиришга оид Президент фармон ва қарорларининг ижроси, хусусийлаштириш дастурларининг бажарилиши ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича қандай ишлар амалга оширилган? Бу бўйича Давлат активларини бошқариш агентлиги директори С.Муродовга парламент сўрови юборилган эди. “Давлат мулкини хусусийлаштириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги парламент сўровига келган жавоб қуйи палата мажлисида кўриб чиқилди.
Жавобда келтирилишича, давлат активлари ва ер участкаларини сотиш ҳамда тушумни таъминлаш бўйича белгиланган вазифаларнинг аксарияти бажарилган, бажарилмай қолган қисми юзасидан эса батафсил изоҳлар парламент сўровига жавобда берилган.
2025 йилга белгиланган 7 та мақсадли индикатордан 6 таси бажарилган. Давлат активларини реализация қилишдан тушган маблағларни республика бюджетига ўтказиш кўрсаткичи тўлиқ амалга ошмагани ҳамда унинг тўлиқ бажарилмаслик сабаблари батафсил баён этилган.
Жавобда Давлат активлари агентлиги томонидан тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида давлат активлари ва ер участкаларини сотиш ҳамда давлат кўчмас мулкларини ижарага беришда берилган имтиёзлар ҳам алоҳида келтирилган. Хусусан, давлат кўчмас мулк объектлари ва улуш (акция)ларни сотиш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини реализация қилиш, давлат кўчмас мулк объектларини ижарага бериш орқали имтиёзлар берилган.
Муҳокамаларда давлат активларини хусусийлаштириш жараёнларини янада жадаллаштириш, бўш турган давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш, савдога чиқарилаётган объектларнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, уларни реализация қилишда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Якунда парламент сўровига жавоб маълумот учун қабул қилинди.
М.Комилова,
ЎзА