Чигирткалар ҳужумига қарши фаол кураш: Назорат кучайтирилди
Деҳқончиликка жиддий хавф солаётган чигирткалар тарқалишига қарши Қорақалпоғистон, Бухоро, Навоий ва Хоразмда фаол курашилмоқда. Хусусан, Бухоро вилоятида тезкор штаблар ва назорат постлари ишга тушган.
Чигиртканинг ушбу тури Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятларида кенг тарқалган. Бухоро вилоятида Фавқулодда вазиятлар бошқармаси (ФВБ), Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги вилоят бошқармаси ҳамда бошқа тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида чигирткаларга қарши кураш ишлари жадал олиб борилмоқда. Хусусан, ўрганишлар давомида Ромитан туманининг Газли шаҳарчасида кенг тарқалган чигиртка ҳужумини бартараф этиш бўйича ташкил этилган тезкор штаб фаолияти ўрганилди ва баҳоланди. Бундан ташқари, Олот тумани, Жондор ва Қоракўл туманларининг Қандим массиви ҳамда бошқа ҳудудларда чигирткаларга қарши олиб борилаётган ишлар билан танишиб чиқилди.

Шунингдек, ҳамкорликдаги тадбирлар режаси муҳокама қилинди. Зарарли чигирткалар тарқалган ҳудудларда махсус техника ва воситалар ёрдамида амалга оширилаётган кимёвий ишлов бериш жараёнлари жойида ўрганилиб, уларнинг самарадорлигига эътибор қаратилди. Таъкидлаш жоизки, вилоятнинг чигирткалар тарқалиши хавфи юқори бўлган 9 та туманида 15 та назорат-кузатув постлари ташкил этилди. Ушбу постлардан ҳар 4 соатда олинган вазият ҳақидаги маълумотлар вилоят штабига мунтазам тақдим этиб борилиши йўлга қўйилган.
Дала шароитида олиб борилаётган ишларнинг самарадорлиги, хавфсизлик қоидаларига риоя этилиши ҳамда мавжуд куч ва воситалардан оқилона фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Фавқулодда вазиятлар ва карантин хизматлари томонидан ҳудудларда зарарли чигирткаларга қарши курашиш ишлари изчил давом эттирилмоқда.
Санжар Тошпўлатов,
Салимжон Обиджонов, ЎзА