Фуқаронинг пенсияси қайта ҳисобланди
Бугунги кунда фуқароларнинг ўз ҳуқуқларини талаб қилиши жамиятда очиқлик ва адолатни таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Шунга қарамай, Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир туманида юзага келган ҳолат мурожаатчининг ҳақли эътирозига сабаб бўлди. Ушбу тумандаги мактаблардан бирида ишлайдиган ўқитувчи З.Умарова 2024 йил 17 октябрда пенсияга чиққан. Унга дастлаб 3 миллион 400 минг (уч миллион тўрт юз минг) сўм пенсия ҳисобланиб, 2026 йилнинг июнь ойига қадар шу миқдорда тўлаб келинган.
Фуқаро 2026 йилнинг июнь ойида ўзига белгиланган пенсияни қайта ҳисоблатганда, сумма 4 миллион 200 минг сўмга кўпайган. 2024 йилнинг октябридан 2026 йилнинг июль ойигача бўлган даврдаги тўланмай қолган суммаларни (20 ой давомидаги) талаб қилиб борган вақтида, нафақа тайинлаш гуруҳи бошлиғи М.Н. томонидан "тўланмайди" деган рад жавобини олган.
Истеъмолчи З.Умарова 2024-2026 йиллар оралиғида ўзига тегишли бўлган, кам тўлаб келинган пенсия пулларининг тўлиқ ундириб берилишини ва бу масалада амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб Тахтакўпир тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига мурожаат қилган. Унинг мурожаати федерация мутахассислари томонидан қонун асосида ўрганиб чиқилиб, истеъмолчининг ҳуқуқлари ҳар томонлама ҳимоя қилинди. Натижада фуқарога ажратилган пенсия миқдори 3 миллион 400 минг сўмдан 4 миллион 200 минг сўмга кўпайтириб берилишига эришилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири