Мустақилликнинг ўттиз беш йиллиги – етуклик ва юксалиш палласи
1991 йилнинг кузи, мактабда ўқиб юрган кезларимиз... “Мустақиллик” сўзи кундалик луғатимизга ҳали тўлиқ кириб келмаганди, уни дадил айтолмасдик. Ўша пайтлари бу сўз худди ваъда, умид, армондек эшитиларди. Орадан ўттиз беш йил ўтиб, бу оғир, аммо ҳаққоний ва бажарса бўладиган ваъда бўлганини кўриб турибмиз.
Бизнинг давр одамлари 80-йиллар охирларини жуда яхши эслайди. У пайтлар биз катта ҳаётга энди қадам ташлаб, режалар қурганмиз. Ўша даврда нималарни кўрдик? Бўшаб қолган дўкон пештахталарию талонларни, пахта ишининг акс-садосию раҳбарлар, хўжалик раислари, зиёлилар ва бошқа кўплаб инсонлар қонунсизлик қурбонига айланганини. Оилалар йиллаб омонат кассаларида сақлаган пуллари қадрсизланиб қолгани, миллионлаб одамлар бир зумда ишидан айрилгани ҳам ёдимизда. Республикамиз денгизга чиқиш имкониятидан маҳрум бўлиб, хўжалик алоқалари узилиб кетгани, пахта монополияси туфайли юзага келишига оз қолган озиқ-овқат инқирози... Яна кўп нарсаларни ёдга олиш мумкин.
Республикамиз ўзининг мустақил йўлини ана шундай шароитда бошлаган. Бугун кимдир 1991 йил 1 сентябрда мустақиллик ўз-ўзидан рўй берган деса, ўша йилларни эслайман. Йўқ, у шунчаки рўй бермаган, унга курашиб эришилган. Бу бутун бир авлод тақдирини, давлатнинг шаклланишини, ўз келажаги учун масъулиятни зиммасига олган халқнинг машаққатли йўлини акс эттирадиган даврдир.
Назаримда, мустақилликнинг дастлабки йилларидаги энг асосий натижа миллий давлатчилик асосларининг яратилгани, қонун устуворлиги тамойили қарор топгани, ўзимизнинг сиёсий ва иқтисодий тизимимиз яратилгани бўлди. Ўшанда қўйилган пойдеворнинг тарихий аҳамияти бугун яққол кўриниб турибди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Президент Шавкат Мирзиёев кўп йиллардан буён Самарқанддаги Ислом Каримов мақбарасини зиёрат қилиб, мустақил давлатчилигимиз асосчиси бўлган инсонга ҳурмат бажо келтириб келмоқда.
Энг муҳими, Ўзбекистон эришилган ютуқлар билан чекланиб қолмади. 2016 йилда Шавкат Мирзиёев мамлакат Президенти этиб сайланганидан сўнг юртимиз ривожланишнинг янги уфқларини излай бошлади, тадбиркорлик, таълим, фан ва ижтимоий фаоллик учун имкониятларни кенгайтиришга киришди. Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси каби халқаро молия институтлари 2017 йилдан бошланган ислоҳотларни ёпиқ, маъмурий бошқарувдаги иқтисодиётдан очиқ бозор моделига ўтишдаги кенг кўламли саъй-ҳаракат сифатида баҳоламоқда. 2017 йилдаги валюта ислоҳоти энг биринчи ва энг муҳим қадамлардан бўлди. Хусусан, конвертацияга доир чекловлар олиб ташланди, “қора бозор” йўқ қилинди. Натижада, мамлакатнинг реал ялпи ички маҳсулоти 2017-2025 йилларда йилига ўртача 6 фоиз атрофида ўсган бўлса, 2025 йилда бу ўсиш 7,7 фоизга етди. Мустақиллик бизга ўз тарихимизни ўзимиз ёзиш ҳуқуқини берди ва бу тарих давом этмоқда.
Халқаро меҳнат ташкилоти 2021 йилга келиб, Ўзбекистонда пахтачилик соҳасида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга бутунлай барҳам берганини расман тан олди. Ислоҳотлар йилларида қарийб 2 миллион бола болалар меҳнатидан, 500 мингга яқин катта ёшдагилар эса мажбурий меҳнатдан озод қилинди. Мактаб ўқувчилари ва ўқитувчиларимизнинг бутун бир авлоди кузни мактабда эмас, далаларда ўтказарди. Бугун бу саҳифа ўтмишда қолди ва бу ютуғимизни бутун дунё эътироф этмоқда.
Инсон учун ўттиз беш йил – катта муддат. Бунда одамнинг ҳаёти қуруқ ваъдалари билан эмас, эришган ютуқ ва натижалари билан ўлчанади. Давлат миқёсида ҳам шундай, менимча. Депутат сифатида энг асосий натижани 2016 йилдан бошлаб давлатнинг бутун фалсафаси ўзгарганида кўраман. 2023 йилги референдумда қабул қилинган Конституция Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат, яъни инсон олдида масъул бўлган давлат сифатидаги мақомини мустаҳкамлади. Маҳалла орқали кўрсатиладиган манзилли ижтимоий ёрдам ҳам, таълим соҳасидаги мажбуриятлар ҳам, ҳар бир қонун лойиҳасини кўриб чиқишда биз, депутатлар “Бу ҳужжат битта бўлса ҳам оиланинг ҳаётини қандай ўзгартиради?” деган оддий саволни қўйиш талаби ҳам айнан шу нормадан келиб чиқади.
Ушбу мантиқ аниқ рақамлар билан тасдиқланади. 2020 йилдан бошлаб камбағалликка қарши курашиш илк бор давлат сиёсатининг алоҳида йўналишига айланди. Камбағаллик расман ўлчаниб, тизимли равишда қисқартирила бошланди. Расмий маълумотларга кўра, камбағаллик даражаси 2020 йилдаги қарийб 23 фоиздан 2023 йил якунига келиб 11 фоизгача камайди. Жаҳон банки ушбу кўрсаткич барқарор пасайишда давом этаётганини тасдиқламоқда. Ижтимоий ёрдам том маънода манзилли тус олди. Кам таъминланганларга бериладиган нафақалар билан қамраб олинган оилалар сони 2017 йилдаги тахминан 400 мингтадан 2023 йилда 2,2 миллионтага етди. Субсидия, компенсация ва моддий ёрдам каби 100 дан ортиқ турдаги давлат хизматлари маҳалла даражасига туширилиб, у ерда ҳоким ёрдамчилари ва “маҳалла еттилиги” фаолият юритмоқда. Илгари тарқоқ бўлган кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш тизимини бирлаштирган Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди. Биргина маҳаллаларни ободонлаштириш – йўллар, сув, электр энергияси, мактаблар, болалар боғчалари ва тиббиёт муассасаларига қарийб 120 триллион сўм йўналтирилди.
Депутат сифатида мен учун фақат ортида оилалар ҳаётидаги реал ўзгаришлар турган рақамларгина муҳим. Болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 2017 йилдаги 27 фоиздан 2025 йилга келиб 75 фоизга етди, болалар боғчаларидаги тарбияланувчилар сони эса 700 мингдан 2,4 миллион нафардан ошди. Бу миллионлаб оналар ишлаш ва ўқиш имкониятига эга бўлганини, болалар эса тенг имкониятларга эга бўлганини англатади. Бундан ўн йил аввал кўпчиликнинг олишга қурби етмаган ипотека бугун 20 йилгача муддатга бошланғич тўлов учун субсидиялар билан берилмоқда.
2025 йил июль ойидан бошлаб энг кам пенсия миқдори 918 минг сўм этиб белгиланди, ўртача ойлик иш ҳақи эса қарийб 6,4 миллион сўмга етди. Бу номинал қийматда 2016 йилги даражадан деярли беш баравар юқоридир. Пенсиялар, нафақалар ва бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи истисно тариқасида эмас, балки ҳар йили оширилмоқда.
Ўзбекистонннинг ёпиқлик сиёсатидан воз кечаги ҳам тарихий воқеа. Чегаралар очилди, Марказий Осиёда яхши қўшничилик муносабатлари тикланди, минтақа низо ва даъволар майдонидан ўзаро мулоқот ва ҳамкорлик маконига айланди. Жаҳон банки Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги фаол сиёсати ҳамда унинг савдо, транспорт, сув ресурслари ва энергетика соҳаларидаги минтақавий ҳамкорликдаги ўрнини алоҳида эътироф этмоқда. Мамлакатнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни ҳам сезиларли даражада тезлашди: ўнлаб давлатлар билан икки томонлама музокаралар олиб борилди, қонунчилик халқаро савдо қоидаларига мувофиқлаштирилмоқда. Ҳозирги кунда Марказий Осиё муштарак тақдир, ўзаро масъулият ва умумий келажакка интилиш билан бирлашган ягона макон сифатида тобора яққол намоён бўлмоқда. Яъни, бугун минтақада чинакам бирлик ва ҳамжиҳатлик қарор топмоқда, десак муболаға бўлмайди.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси катта йўлини босиб ўтди ва бугун мамлакат сиёсий тизимида алоҳида ўрин тутади. Парламент шунчаки олий вакиллик ва қонун чиқарувчи орган эмас. У миллионлаб фуқароларнинг манфаат ва истакларини қонунга кўчирадиган, давлатнинг стратегик мақсадлари учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратадиган муҳим институтдир.
Умумхалқ референдуми билан қабул қилинган янгиланган Конституция Олий Мажлис палаталарининг ваколатларини сезиларли даражада кенгайтирди, парламентнинг ҳукуматни шакллантириш ва ижро этувчи ҳокимият фаолияти устидан назорат қилишдаги иштирокини кучайтирди. Шу тариқа ҳокимият қарорлар қабул қиладиган ва уларнинг ижроси учун халқ олдида жавоб берадиган замонавий давлатнинг энг муҳим тамойили мустаҳкамланди.
Ҳозирги замонда депутатни сайловчилар билан бирга бўлишга, уларнинг муаммоларини тинглашга, овозини давлат органларига етказишга ва аниқ ечимларга эришишга интилиши керак бўлган халқ вакили деб ҳисоблайман. Шу боис ҳам парламент назорати, депутатларнинг ҳудудлардаги фаолияти, қонун лойиҳаларининг жамоатчилик муҳокамаси ва фуқаролар билан тўғридан-тўғри мулоқот тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида парламент институтини ривожлантириш давлатнинг муҳим вазифаларидан бири этиб белгиланган.
Кучли ва масъулиятли парламент мустақил Ўзбекистоннинг энг муҳим сиёсий таянчларидан бирига айланмоқда. Олиб борилаётган бунёдкорлик ишларида парламент зиммасига халқ овози, қонун посбони бўлиш ва Янги Ўзбекистонни барпо этишда фаол иштирок этишдек ғоят муҳим вазифа юклатилган.
Оролбўйи мавзусига алоҳида тўхталиб ўтишни лозим, деб ҳисоблайман. Бу экологик фожиа йўл қўйилган хатолардан афсусланиш ўрнига, муаммони ечишга ҳаракат қилишга ўтилганига ёрқин мисол бўла олади. 2021 йил май ойида БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисидаги резолюцияни бир овоздан қабул қилди. Бунинг ортидан аниқ ва манзилли амалий ишлар бажарилди: Орол денгизининг қуриган тубида қарийб 1,7 миллион гектар майдонда ўрмонзорлар барпо этилди. Чанг-туз бўронларидан ҳимоя қилиш учун яшил тўсиқлар яратилди.
Кейинги жиҳат – сув масаласи. Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасида ишлаганим сабабли сув тақчиллиги бугунги куннинг энг долзарб муаммосига айланганига кундалик фаолиятимда гувоҳ бўламан. Бунга таъсир қилаётган омиллар қаторига аҳолининг кўпайиши, тармоқларнинг эскиргани, сувнинг йўқотилиши киради.
Бу муаммога фақат замонавий технологиялар ёрдамида таъсирчан жавоб таъсирчан жавоб қайтариш мумкин. Тегишли чора-тадбирларни сув хўжалигини ривожлантириш дастури доирасида амалга ошириш кўзда тутилган. Хусусан, 2028 йилгача суғориладиган ерларнинг 80 фоизида сув тежовчи технологияларни жорий этиш вазифаси қўйилган. Бундан ташқари, рақамлаштириш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, минглаб гидротехника иншоотларига замонавий ҳисобга олиш тизимлари ўрнатилмоқда. Натижада йилига қарийб 10 миллиард куб метр, келажакда эса 14 миллиардгача сув тежалиши кутилмоқда.
Сувнинг рақамли ҳисобини юритиш – бу фақат тежамкорликни англатмайди. Бу адолатни таъминлайди. Бу жараёни инсон бошқарар экан, сув тақсимланишида адолатсизлик давом этаверади.
Шу боис сувнинг рақамли ҳисобини ва сув тежовчи технологияларни жорий этишни мен, энг аввало, миллий аҳамиятга молик масала деб биламан. Яхши қонун билан унинг жойлардаги ижроси ўртасидаги тафовутни тўлиқ бартараф этиш бугунги куннинг муҳим вазифасидир.
Жойларда сайловчилар билан ўтказилган юзлаб учрашувлар орасида, айниқса, мактабни битираётган қизлар билан мулоқотлар ёдимда қолган. Иқтидорли ва шижоатли, бироқ турли сабабларга кўра олий ўқув юртларига кира олмаган қизлар... Ҳар бир шундай тақдир ҳудуд учун йўқотилган шифокор, агроном, муҳандис-гидротехник демакдир. Мамлакатимиз бу борада ҳам тўғри йўналишда ҳаракат қилмоқда: давлат олий ўқув юртларининг магистратурасида таҳсил олаётган қизларнинг контрактлари бюджетдан қопланмоқда, фоизсиз таълим кредитлари учун катта маблағлар ажратилган, “Аёллар дафтари” орқали манзилли ёрдам кўрсатилмоқда. Шахсан мен қизларни имтиёзли ўқитиш сиёсатини изчил қўллаб-қувватлайман ва меҳнат юки юқори бўлган Қорақалпоғистон каби ҳудудлар учун бу механизмлар янада кенгроқ ва соддароқ бўлиши керак, деб ҳисоблайман.
Янги Ўзбекистон ҳаётидан яна кўп бундай мисоллар келтириш мумкин. Уларнинг барчасини инсон манфаатлари ҳамда 2016 йилдан буён Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган давлат сиёсатининг асосий тамойиллари бирлаштириб туради. Танланган йўл “Адолат” социал-демократик партиясининг мақсадлари билан уйғундир. Биз учун адолат “Қабул қилган нормамиз олис қишлоқ аҳолисига, сув фермер ва деҳқонга етиб боряптими?”, “Кам таъминланган оиланинг қизи таълим олиш имкониятга эга бўлдими?” каби саволларни ҳар куни ўзимизга бериб, буни назорат қилиб бориш демакдир.
Ҳал этилмаган масалаларга ҳам кўз юммаймиз. Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, яқин 7-10 йилда мамлакатимизга 10 миллионга яқин янги, юқори даромадли иш ўринлари керак бўлади. Ана шундай вазифаларни очиқ-ойдин тан олиш етук давлатни фақат баёнотлар бериш билан овора давлатдан ажратиб туради. “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида депутатлар зиммасига нафақат таъсирчан қонунлар қабул қилиш, балки уларнинг ижросини таъминлаш вазифаси ҳам юклатилган.
Мухтасар айтганда, бугун олдимизда бутунлай бошқа тарихий вазифа турибди – фарзандларимиз ва набираларимизга Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси туфайли шаклланаётган кучли, тинч ва фаровон Янги Ўзбекистонни қолдириш. Натижаларни ҳар бир инсон ўз ҳаётида ҳис этса, ёшларнинг билим олиши ва касбий ўсиши, ўз истеъдод ва ташаббусларини рўёбга чиқариши учун шароитлар яратилса, кўп миллатли халқимиз ўртасидаги аҳиллик, ўзаро ҳурмат ва бирлик мустаҳкамланса, Янги Ўзбекистон чинакам қудрат топади.
Айнан шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Янги Ўзбекистонни барпо этишда барчамиз иштирок этишимиз ва натижа учун масъулиятни ҳис этишимиз керак. Зеро, мамлакат келажаги умуммиллий саъй-ҳаракат, ҳар биримизнинг танловимиз ва фуқаролик позициямизга боғлиқ.
Давлатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган шиор остида нишонланиши чуқур рамзий маънога эга. Бу сўзларда ҳам байрам шиори, ҳам мустақил Ўзбекистонни барпо этганлар ва биз бошлаган ишларни давом эттирадиганлар олдидаги масъулият мужассам.
Истиқлолинг муборак бўлсин, кўп миллатли ўзбек халқим!
Н.Рашидова,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати.
ЎзА