Олис қишлоқларда янги бинолар
Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида бир қатор янги объектлар фойдаланишга топширилди.
Туманнинг Меҳнаткаш ва Сарикўл маҳаллаларида замонавий оилавий поликлиникалар ўз фаолиятини бошлади. Меҳнаткаш маҳалласидаги тиббиёт муассасаси 3 минг нафардан ортиқ, Сарикўлдаги янги маскан эса 4 минг нафардан зиёд аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имконини беради.

Сазағон маҳалласидаги 11- ҳамда Сарикўл маҳалласидаги 17-умумий ўрта таълим мактабларида шу пайтгача спорт зали мавжуд эмас эди. Бу эса қиш пайтларида жисмоний тарбия машғулотларини синфхоналарда ўтишни тақозо этарди. Янги ўқув йилидан бу муаммога барҳам берилди, муассасаларда замон талабларига мос спорт заллари бунёд этилди.

Сарикўл маҳалласида бошланган яна бир улкан бунёдкорлик лойиҳаси Нурободнинг келгуси қиёфасини белгилайди. Самарқанд–Қарши йўналишидаги А-378 халқаро автомобиль йўли бўйида жойлашган маҳаллада туманнинг замонавий ташриф марказини барпо этиш ишлари бошланди. Бу ерда замонавий жамоат масканлари, дам олиш ҳудудлари, хизмат кўрсатиш ва савдо объектлари, яшил майдонлар, спорт ва велойўлаклар ташкил этилади.

Янги объектларнинг очилиш маросимида туман раҳбарлари ва жамоатчилик вакиллари, маҳаллалар аҳли иштирок этиб, бу иншоотлар юртимизда инсон қадрини улуғлаш борасидаги ишларнинг ёрқин намунаси бўлганини таъкидладилар.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири