Бухородаги мактаб директорлари Хитойда малака оширишмоқда
Бухоролик мактаб директорлари Хитойда илғор таълим тажрибасини ўрганишмоқда.
Бугун дунёда тараққиётнинг энг катта мезони — инсон капитали, унинг билими, тафаккури ва замонавий кўникмалари билан белгиланмоқда. Шу боис таълим тизимига киритилаётган ҳар бир янгилик, аввало, келажак авлод тақдирига дахлдор.
Янги Ўзбекистонда таълим соҳасига қаратилаётган юксак эътибор замирида ҳам ана шу эзгу мақсад мужассам. Давлат раҳбари ташаббуси билан таълим сифатини янги босқичга кўтариш, педагогларнинг касбий маҳоратини ошириш, мактаб бошқарувини замонавий талаблар асосида ташкил этиш ҳамда хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларини ўрганишга кенг йўл очилмоқда.
Бухоро вилоятининг илғор мактаб директорларидан иборат делегациянинг Хитой Халқ Республикасидаги таълим сафари ҳам ана шу эзгу саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодасидир.
Мазкур халқаро ташриф “Бир макон, бир йўл” юқори малака ошириш курси доирасида ташкил этилган бўлиб, ундан кўзланган асосий мақсад — Хитой таълим тизимининг илғор жиҳатларини ўрганиш, замонавий мактаб бошқаруви бўйича билим ва кўникмаларни бойитиш, энг муҳими, ўзлаштирилган самарали ёндашувларни Бухоро вилояти таълим тизимига мослаштириб, амалиётга жорий этишдан иборат.
Сафарнинг биринчи куни Anqing Normal университетида ўқув курсининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Хитой таълим тизимининг тараққиёт тамойиллари, замонавий таълим сиёсати, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти юзасидан мазмунли маърузалар тингланди.


Айниқса, таълим сифатини оширишда мактабни самарали бошқариш, унинг ривожланиш стратегиясини белгилаш, истиқболдаги вазифаларни аниқ режалаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Чунки бугунги мактаб директори фақат маъмур эмас. У — таълим муассасасининг тараққиёт стратегиясини белгилайдиган, педагоглар жамоасини бир мақсад сари бирлаштирадиган, ўқувчи учун муносиб таълим муҳитини яратадиган замонавий раҳбар бўлиши керак.
Шу нуқтаи назардан, кучли педагоглар жамоасини шакллантириш, ўқитувчилар салоҳиятини юксалтириш, уларнинг узоқ муддатли касбий ривожини таъминлаш механизмларини ўрганиш сафар дастурининг муҳим йўналишларидан бири бўлмоқда.
Сафарнинг иккинчи куни эса бу тажрибаларни бевосита амалиётда кўриш имконини берди.
Бухоролик мактаб директорлари Anhui провинциясидаги Tongcheng ўрта мактабига ташриф буюрдилар. 1902 йилда машҳур хитойлик маърифатпарвар ва педагог Vu Rulun томонидан ташкил этилган ушбу таълим маскани бир асрдан ортиқ тарихга эга.
1999 йилда Anhui провинцияси Таълим департаменти томонидан “Anhui провинциясининг намунавий юқори мактаби” мақоми берилган мазкур даргоҳ бугун ҳам таълим ва тарбиянинг ўзига хос мактаби сифатида фаолият юритмоқда.


Айни пайтда бу ерда 55 та синфда 2 минг 700 нафардан ортиқ ўқувчи таҳсил олади. Таълим муассасасида 230 нафардан зиёд педагог ва ходим меҳнат қилмоқда. Бироқ мактабнинг ҳайратланарли жиҳати фақат рақамларда эмас.
Бу ерда замонавий таълим жараёни ахлоқий тарбия, жисмоний тарбия, санъат ва маданият, амалий фаолият билан уйғунлаштирилган. Яъни ўқувчига фақат билим бериш эмас, унинг шахс сифатида камол топишига хизмат қиладиган яхлит таълим муҳити яратилган.
Мактаб ҳудудида асрлик дарахтлар, тарихий бинолар ва маданий ёдгорликларнинг сақлаб қолингани эса яна бир муҳим ҳақиқатни намоён этади: замонавийлик — тарихни унутиш эмас, балки уни келажак билан боғлай билишдир.
Бухоролик делегация аъзолари дарс жараёнлари, ўқувчиларнинг танаффусдаги фаолияти билан яқиндан танишиб, маҳаллий ўқитувчилар билан мулоқот қилдилар. Таълимни ташкил этиш, педагогик ёндашувлар ва мактаб бошқаруви борасида фикр ва тажриба алмашилди.
Таълим муассасасининг тарихи билан танишиш жараёнида анъанавий маданият ва замонавий таълим ўртасидаги уйғунликка алоҳида эътибор қаратилгани намоён бўлди.
Куннинг иккинчи ярмида делегация “Liu Chi Xiang” тарихий кўчасига ташриф буюриб, унинг тарихий ва маданий аҳамияти билан танишди. Бу ерда тотувлик, ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик каби қадриятлар, шунингдек, инсоният тақдири муштарак ҳамжамиятини барпо этиш ғояси ҳақидаги тасаввурлар янада бойитилди.
Аслида, таълим сафарининг моҳияти ҳам шунда — бир мамлакат тажрибасини иккинчисига кўр-кўрона кўчириш эмас, балки унинг замиридаги самарали ғояларни англаш, таҳлил қилиш ва ўз миллий таълим муҳитига мослаштириш керак бўлади.


Бухоролик мактаб директорларининг Хитойдаги ушбу таълим сафари оддий хорижий ташриф эмас. Бу — замонавий мактаб раҳбари қандай фикрлаши, жамоани қандай бошқариши, ўқувчининг таълим ва тарбияси учун қандай муҳит яратиши кераклигини ўрганишга қаратилган муҳим тажриба майдонидир. Энг муҳими, сафардан олинган таассуротлар қоғозда қолиб кетмаслиги керак. Ҳар бир ўрганилган тажриба Бухородаги мактаб ҳаётига кириб борсагина, унинг ҳақиқий самараси намоён бўлади.
Бугун Бухоро мактаб директори Хитойда тажриба ўрганаётган бўлса, эртага бу тажриба Бухорода янги дарс усули, янги бошқарув ёндашуви, янги лойиҳа ва энг муҳими, янада сифатли таълим натижаси сифатида намоён бўлиши мумкин. Зеро, давлат раҳбари ташаббуси билан таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади ҳам битта — мактабни ўзгартира оладиган, замон билан ҳамнафас, кенг фикрлайдиган ва натижа учун масъулиятни ҳис қиладиган раҳбарлар ҳамда юксак салоҳиятли педагоглар авлодини шакллантириш. Бугун хорижда ўрганилаётган ҳар бир илғор тажриба — эртанги Бухоро мактабларининг янги қиёфаси учун пойдевордир. Чунки мактаб ўзгарса — жамият ўзгаради. Таълим юксалса — миллатнинг келажаги юксалади.
Бухоролик мактаб директорларининг Хитойга сафари давом этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири