Бухоро — халқ дипломатияси ва биродар шаҳарлар ҳамкорлигининг янги маркази
Бугунги глобаллашув шароитида шаҳарлар ўртасидаги ҳамкорлик оддий дўстлик ва маданий алоқалар доирасидан чиқиб, иқтисодий, туристик, инвестицион ва гуманитар шерикликнинг муҳим омилига айланмоқда. Айниқса, тарихий-маданий мероси, туризм ва ҳунармандчилик салоҳияти билан ажралиб турадиган Бухоро учун “биродар шаҳарлар” институти хорижий ҳамкорлар билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, янги ташаббусларни илгари суриш ва вилоятнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Шу нуқтаи назардан, Бухорода Биродар шаҳарлар альянси ташаббуси ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида халқ дипломатиясини ривожлантириш ва хорижий шаҳарлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Ботиржон Шахриёров, Биродар шаҳарлар альянси раҳбари Зокир Абидов, вилоят туризм бошқармаси бошлиғи Акмалжон Ражабов, шунингдек, тегишли ташкилотлар раҳбарлари ва масъул ходимлар иштирок этишди.
Бугунги кунда Бухоро шаҳри дунёнинг 22 та шаҳри, Ғиждувон тумани эса 1 та хорижий шаҳар билан биродарлик алоқаларини ўрнатган. Шу тариқа, вилоят миқёсида жами 23 та хорижий шаҳар билан биродарлик муносабатлари йўлга қўйилган.
Бу рақамнинг ўзиёқ Бухоронинг халқаро ҳамкорлик географияси тобора кенгайиб бораётганини кўрсатади. Бироқ бу муносабатларнинг ҳақиқий самараси уларнинг сони билан эмас, балки амалий мазмуни, яъни конкрет лойиҳалар, инвестициялар, сайёҳлар оқими, маданий алмашинув ва тадбиркорлар учун яратилаётган янги имкониятлар билан белгиланади.
Бухоронинг хорижий шаҳарлар билан ҳамкорлигида бундай амалий натижалар аллақачон ўз ифодасини топмоқда.
Жумладан, Франциянинг Рюй-Малмезон шаҳрида буюк аллома Абу Али ибн Сино ҳайкалининг ўрнатилиши ва Ўзбекистон боғининг ташкил этилиши икки шаҳар ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларнинг ёрқин намунасидир. Бу каби ташаббуслар халқларнинг умумий тарихий ва маънавий мероси орқали ўзаро яқинлашувига хизмат қилади.
Шунингдек, Бухоро ҳунармандларининг АҚШнинг Санта-Фе шаҳрида ҳар йили ўтказиладиган кўргазмаларда иштирок этиши маҳаллий маҳсулот ва миллий ҳунармандчилик намуналарини халқаро майдонга олиб чиқиш учун муҳим имконият яратмоқда.
Туркиянинг Измир ва Малатя шаҳарлари билан ривожланиб бораётган ҳамкорлик алоқалари эса тарихий яқинлик, маданий муштараклик ва ўзаро манфаатли шерикликни янги босқичга кўтариш учун кенг имкониятлар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Давра суҳбатида мавжуд биродарлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш билан бирга, ҳамкор шаҳарлар сафини кенгайтириш ва янги истиқболли йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Айниқса, биродар шаҳарлар билан туризм, маданият, ҳунармандчилик ва банк-молия соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, ўзаро тажриба алмашиш, Бухоронинг туристик салоҳиятини биргаликда тарғиб қилиш ҳамда маҳаллий тадбиркорлар ва ҳунармандлар учун янги бозорларга чиқиш имкониятларини яратишга алоҳида эътибор қаратилди.
Бу борада халқ дипломатиясининг аҳамияти айниқса катта. Зеро, расмий келишувлар ва битимлар қанчалик муҳим бўлмасин, уларни амалиётга айлантирадиган асосий куч — инсонлар, тадбиркорлар, зиёлилар, ҳунармандлар, ёшлар ва маданият вакиллари ўртасидаги бевосита мулоқотдир. Шу маънода, биродар шаҳарлар ўртасидаги ҳамкорликни “шаҳардан шаҳарга” эмас, “инсондан инсонга” боғланадиган муносабатлар тизими сифатида ривожлантириш муҳим. Бу эса узоқ муддатли ва барқарор ҳамкорлик учун мустаҳкам замин яратади.
Бухоронинг халқаро ҳамкорлик салоҳияти, аввало, унинг ноёб тарихий-маданий мероси, қадимий меъморчилиги, миллий ҳунармандчилиги ва бой туристик имкониятлари билан чамбарчас боғлиқ. Шу сабабли биродар шаҳарлар билан алоқаларни туризм ва ҳунармандчилик билан уйғунлаштириш Бухоро учун икки томонлама самара беради: бир томондан, хорижий сайёҳлар оқимини оширишга хизмат қилса, иккинчи томондан, маҳаллий ҳунармандлар ва тадбиркорлар учун янги бозорлар очади. Айниқса, хорижий шаҳарларда Бухоро маданияти, миллий ҳунармандчилиги ва туристик имкониятларини тарғиб қилувчи кўргазма ва фестивалларни кўпайтириш, биродар шаҳарлар орқали янги туристик маршрутларни шакллантириш, тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри бизнес мулоқотларни йўлга қўйиш келгусидаги ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири бўлиши мумкин.
Учрашувда илгари сурилган таклиф ва ташаббусларни амалиётга татбиқ этиш, хорижий шаҳарлар билан ҳамкорлик географиясини янада кенгайтириш ҳамда халқ дипломатияси имкониятларидан самарали фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири