Брайл ёзувидаги ахборот маҳсулотларини маҳаллий шароитда тайёрлаш йўлга қўйилди
Сирдарё вилоятида инклюзив таълим ва тўсиқсиз муҳитни ривожлантириш борасида яна бир муҳим қадам ташланди. Гулистон туманидаги кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган 11-сонли "Нурли маскан" мактаб-интернатида замонавий Nosai UV Flatbed Printer ускунаси ишга туширилиб, Брайл ёзувидаги ҳамда тактил ахборот маҳсулотларини маҳаллий шароитда тайёрлаш йўлга қўйилди.
Мазкур лойиҳа мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахслар учун тенг имкониятлар яратиш, уларнинг ахборотдан мустақил фойдаланишини таъминлаш ва ижтимоий инфратузилма объектларида тўсиқсиз муҳитни кенгайтиришга қаратилган ислоҳотларнинг амалий ифодаси бўлди.
Юқори технологияли қурилма шиша, металл, ёғоч, акрил, пластмасса, керамика, тери, МДФ ва бошқа турли материаллар юзасига тасвир ҳамда ёзувларни юқори аниқликда тўғридан-тўғри босиб чиқариш имкониятига эга. Бу эса Брайл алифбосидаги ахборот белгиларини, тактил йўналтирувчи кўрсаткичларни, эшик ва хоналар учун махсус лавҳаларни, рельефли графика ва кўриш имконияти чекланган шахсларга мўлжалланган ўқув-методик материалларни тайёрлаш имконини беради.

Энг муҳими, мазкур маҳсулотлар энди четдан буюртма қилишга эҳтиёж қолдирмай, маҳаллий шароитда тез ва сифатли ишлаб чиқарилади. Бу эса вақт ва маблағни тежаш билан бирга, инклюзив муҳитни янада кенгайтиришга хизмат қилади.

— Мактабимизда замонавий Nosai UV Flatbed Printer ускунасининг ишга туширилиши фаолиятимизда янги босқични бошлаб берди. Энди Брайл алифбосидаги ахборот белгиларини, тактил йўналтирувчи воситаларни, кабинет ва эшиклар учун махсус лавҳаларни, ўқув-методик материаллар ҳамда рельефли графикаларни ўзимиз тайёрлаш имкониятига эга бўлдик.Энг муҳими, бу маҳсулотлар нафақат мактаб-интернатимиз эҳтиёжини таъминлайди, балки давлат идоралари, таълим ва тиббиёт муассасалари, банклар, маданият марказлари ҳамда бошқа ташкилотларда тўсиқсиз муҳитни шакллантиришга ҳам хизмат қилади. Бу эса кўриш имконияти чекланган инсонларнинг ахборотдан мустақил фойдаланиши ва жамоат жойларида эркин ҳаракатланиши учун муҳим аҳамиятга эга. Келгусида лойиҳани янада кенгайтириш, маҳсулот турларини кўпайтириш ҳамда ижтимоий шериклар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали инклюзив муҳит ривожига муносиб ҳисса қўшишни мақсад қилганмиз, — дейди “Нурли маскан” ихтисослаштирилган мактаб-интернати директори Нигора Баликова.

Янги ускунанинг имкониятлари фақат таълим муассасаси эҳтиёжлари билан чекланмайди. Энди давлат ва нодавлат ташкилотлари, таълим ва тиббиёт муассасалари, банклар, маданият масканлари ҳамда бошқа ижтимоий объектлар учун Брайл ёзувидаги пешлавҳалар, ахборот стендлари, кабинет ва эшик белгилари, тактил навигация воситалари ҳам маҳаллий шароитда тайёрланади.
Бу ўз навбатида мамлакатимизда инклюзив жамиятни шакллантириш, ижтимоий инфратузилма объектларини замонавий талаблар асосида жиҳозлаш ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ахборотдан тенг фойдаланиш ҳуқуқини таъминлашга хизмат қилади.

Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати унинг таълимий аҳамиятидир. Замонавий ускуна ўқувчиларнинг амалий кўникмаларини ривожлантириш, рақамли технологиялар билан ишлаш малакаларини ошириш ва келгусида замонавий касбларни эгаллаши учун мустаҳкам пойдевор яратади.

Дарҳақиқат, «Нурли маскан»да амалга оширилган мазкур ташаббус замонавий технологиялар имкониятларини инсон манфаати йўлида самарали қўллашнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди. Энг муҳими шундаки, энди Брайл ёзувидаги ва тактил ахборот маҳсулотлари Сирдарёнинг ўзида тайёрланиши инклюзив муҳитни янада ривожлантириш, кўриш имконияти чекланган инсонларнинг ҳаёт сифати ва ижтимоий фаоллигини оширишга муносиб ҳисса қўшади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири