Ўзбекистонлик олимнинг тадқиқотлари саратонга қарши дори яратиш истиқболларини кенгайтирди
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Биоорганик кимё институти катта илмий ходими Нурхўжа Мухамедов Венгриянинг “Debrecen” университетида ўтказилган илмий стажировка давомида саратон ҳужайраларига қарши истиқболли биофаол бирикумаларни тадқиқ этиш бўйича муҳим натижаларга эришди.
Ёш олим хорижлик ҳамкасблари — “Debrecen” университетининг Фармацевтика технологиялари, Фармакология ҳамда Фармацевтик кимё кафедралари олимлари билан ҳамкорликда табиий биофаол моддаларни замонавий физик-кимёвий ва биологик усуллар ёрдамида атрофлича ўрганди.
Хусусан, Фармацевтик кимё кафедрасида профессор Анико Борбаш раҳбарлигида ядро магнит резонанси (¹H ва ¹³C ЯМР) таҳлиллари ўтказилиб, буфадиенолидлар ва улар ҳосилаларининг кимёвий тузилиши аниқ тасдиқланди.

Тадқиқотларнинг энг муҳим босқичларидан бири биофаол бирикумаларнинг саратонга қарши таъсирини баҳолаш бўлди. Фармакология кафедрасида ўтказилган тажрибаларда аренобуфагин ва унинг ҳосилалари MCF-7 кўкрак бези саратони ҳужайраларида синовдан ўтказилди. Натижада Ar-004, Ar-008 ва Ar-015 каби айрим ҳосилалар наномоляр концентрацияларда саратон ҳужайраларининг яшовчанлигини сезиларли даражада сусайтириши маълум бўлди.
Шу билан бирга, H9c2 кардиомиоцит ҳужайралари моделидаги тадқиқотлар аренобуфагиннинг кимёвий модификацияси орқали унинг саратонга қарши фаоллигини сақлаб қолган ҳолда, юрак ҳужайраларига токсик таъсирини кескин камайтиришга эришилганини кўрсатди. Бу эса ушбу бирикумаларни келажакда хавфсизроқ ва самаралироқ дори воситалари номзоди сифатида қарашга замин яратади.
Илмий стажировка давомида ўзбек олими замонавий фармакологияда кенг қўлланиладиган Langendorff ex vivo юрак перфузияси усулини ҳам ўзлаштириб, мазкур методнинг янги биологик фаол моддаларни баҳолашдаги кенг имкониятларини ўрганди.
ЎзА