Обод маҳалла — фаровон ҳаёт кафолати
Маҳаллаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳақиқий самараси, аввало, инсон яшайдиган муҳитда — обод кўчалар, фаровон хонадонлар, одамларнинг кўтаринки кайфияти ва эртанги кунга бўлган ишончида намоён бўлади.
Буни Сайхунобод туманининг Ўзбекистон маҳалласи мисолида яққол кўриш мумкин. Бугун бу ерда олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари маҳалла қиёфасини тубдан янгилаб, аҳолининг турмуш тарзи ва яшаш шароитини тобора яхшиламоқда. Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган “Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги” доирасида амалга оширилаётган эзгу ишлар эса одамларнинг ҳаёт сифати, кайфияти ва эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамламоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев 16 июль куни ўтказилган йиғилишда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси, энг аввало, маҳаллалар қиёфаси ва одамларнинг кундалик ҳаётида намоён бўлиши лозимлигини алоҳида таъкидлаб, ҳудудларда ободонлаштириш ишларини янги босқичга олиб чиқиш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берди.

Сайхунобод туманининг Ўзбекистон маҳалласида мазкур топшириқлар изчил амалга оширилмоқда. Бугун маҳаллага кирган ҳар қандай киши бу ердаги ўзгаришларни дарҳол ҳис этади. Янги асфальт йўллар, янгиланган электр тармоқлари, ичимлик суви иншоотлари ва обод кўчалар маҳалланинг қиёфасини тубдан ўзгартириб, аҳоли учун янада қулай яшаш муҳитини яратмоқда.

Маҳаллада 3 минг 350 нафар аҳоли истиқомат қилади. Асосий иқтисодий йўналишлар чорвачилик ва деҳқончиликдан иборат. Томорқадан самарали фойдаланиш, иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш борасида ҳам салмоқли натижаларга эришилган. Жорий йилнинг ўзида 121 нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилди, 38 нафар ишсиз фуқаро доимий иш ўрнига эга бўлди.
“Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги” доирасида амалга оширилган ишлар маҳалланинг муҳандислик инфратузилмасини янги босқичга олиб чиқди. Хусусан, 2 минг 880 метр янги электр тармоғи тортилиб, 85 та темир-бетон таянч ўрнатилди. Бунинг натижасида 70 та хонадоннинг электр таъминоти янада яхшиланди.
Ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Жаҳон банки дастури доирасида 4,5 километр янги ичимлик суви тармоғи барпо этилди. Айни пайтда иккита янги сув иншооти қурилиши давом этмоқда.

Шунингдек, Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан Герой қишлоғига олиб борувчи 2 километр 370 метр бетон қопламали автомобиль йўли қурилиши бошланди. Мазкур лойиҳа аҳоли учун транспорт қатновини енгиллаштириш билан бирга ҳудуднинг иқтисодий фаоллигини янада оширишга хизмат қилади.
Маҳалладаги ўзгаришларнинг энг ёрқин намунаси эса, шубҳасиз, “Ташаббусли бюджет” лойиҳаларидир. Аҳолининг бирдамлиги ва фаоллиги натижасида умумий узунлиги 4,6 километр бўлган ички йўлларни асфальтлаш бўйича икки лойиҳа ғолиб деб топилди. Бугунги кунда биринчи босқич доирасида 2,3 километр йўл тўлиқ асфальтланиб, Ҳуррият, Ал-Бухорий ва Ватан кўчалари мутлақо янгича қиёфа касб этди. Айни пайтда яна тўртта кўчада асфальтлаш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда.
Маҳалла аҳлини қувонтирган яна бир муҳим янгилик — Герой қишлоғини Гулистон шаҳри билан боғловчи 12 километрлик янги автомобиль йўли қурилиши дастурга киритилганидир. Ушбу лойиҳа амалга ошгач, аҳоли аввалгидек 45 километр айланма йўл босиб юришга мажбур бўлмайди. Бу эса вақт ва транспорт харажатларини тежаш билан бирга, аҳолига янада катта қулайлик яратади.
Қишлоқ хўжалигида ҳам ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Бугун маҳаллада 35 тадан ортиқ иссиқхона фаолият юритмоқда. Уларнинг ўндан ортиғида бир йилнинг ўзида икки-уч мартадан ҳосил олинмоқда. Файзобод кўчасида яшовчи Муҳаммадиев Камолиддин томонидан 30 сотих майдонда Олтиариқ тажрибаси асосида ташкил этилган узумзор томорқадан самарали фойдаланиш ва юқори даромад олишнинг амалий намунасига айланган.
— Бугун маҳалламизда амалга оширилаётган ҳар бир лойиҳа инсон манфаатига хизмат қилмоқда. Электр, ичимлик суви, йўл ва транспорт инфратузилмасидаги ўзгаришлар одамларнинг кундалик ҳаётини анча енгиллаштирди. Энг муҳими, аҳолининг ўзи бу жараёнларнинг фаол иштирокчисига айланди. “Ташаббусли бюджет” орқали илгари сурилган таклифлар амалда рўёбга чиқмоқда. Бу эса маҳалламизнинг эртанги кунига бўлган ишончни янада мустаҳкамламоқда. Обод маҳалла фаровон ҳаётнинг мустаҳкам пойдеворидир, — дейди маҳалла раиси Баҳодир Абдураҳмонов.

Маҳалладаги янгиланишлар нуронийлар қалбида ҳам чексиз мамнуният уйғотмоқда.
— Биз кўпни кўрган авлодмиз. Илгари бундай ўзгаришларни асосан шаҳар ва туман марказларида кўрардик. Бугун эса ана шу янгиланишлар ўз маҳалламизга ҳам кириб келганидан беҳад мамнунмиз. Йиллар давомида таъмирталаб бўлиб келган йўлларимиз бугун “Ташаббусли бюджет” маблағлари ҳисобидан асфалтланди. Электр ва ичимлик суви таъминоти яхшиланмоқда. Бу мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида маҳалламиз аҳли учун энг муносиб байрам туҳфаси бўлди. Бугун одамларнинг кайфияти ҳам, эртанги кунга бўлган ишончи ҳам бутунлай ўзгарган. Энг муҳими, амалга оширилаётган ўзгаришларни ўз кўзимиз билан кўриб, уларнинг самарасини кундалик ҳаётимизда ҳис қилиб турибмиз, — дейди маҳалла нуронийси Тошбек Харатов.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон маҳалласида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари бир ҳақиқатни яна бир бор тасдиқламоқда: мамлакат тараққиёти, энг аввало, маҳалладан бошланади. Обод кўчалар, мустаҳкам инфратузилма, фаол ва ташаббускор аҳоли, фаровон хонадонлар — буларнинг барчаси Янги Ўзбекистонда инсон қадри устувор қадриятга айланганининг амалий ифодасидир.
Зеро, маҳалла обод бўлса — юрт обод, юрт обод бўлса — халқ ҳаёти фаровон бўлади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири