Яна бир маҳаллий тиббий жиҳозлар ишлаб чиқарувчиси халқаро стандарт сертификатига эга бўлди
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказининг Сифат менежменти тизимларини сертификатлаштириш органи томонидан маҳаллий тиббий жиҳозлар ишлаб чиқарувчиси “NAM BIOTEST” МЧЖga O‘zMSt ISO 13485:2025 (ISO 13485:2016, IDT) миллий стандарти талабларига мувофиқликни тасдиқловчи сертификат тантанали равишда топширилди.
Бу ҳақда Марказ матбуот хизмати хабар берди.
Сертификатни Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази директори Алишер Темиров корхона раҳбарига топширар экан, тиббий жиҳозлар ишлаб чиқаришда сифат менежменти стандартларини жорий этиш мамлакатимиз фармацевтика саноатини изчил ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини ошириш ҳамда экспорт салоҳиятини мустаҳкамлашда муҳим омил эканини таъкидлади. Шунингдек, у сифат менежменти тизимининг халқаро талаблар асосида йўлга қўйилиши ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг хавфсизлиги, сифати ва ишончлилигини таъминлашда алоҳида аҳамият касб этишини қайд этди.
Мазкур сертификат корхонада тиббий жиҳозлар, диагностика воситаларини ишлаб чиқариш ҳамда сифат назоратини ташкил этиш жараёнлари халқаро стандартлар талабларига мувофиқ йўлга қўйилганини тасдиқлайди. Бу эса корхонанинг ички бозордаги мавқеини мустаҳкамлаш билан бир қаторда, маҳсулотларни халқаро бозорларга олиб чиқиш имкониятларини ҳам кенгайтиради.
2019 йилда ташкил этилган “NAM BIOTEST” MЧЖ бугунги кунда Ўзбекистонда “in vitro” диагностика воситалари ва лаборатория реагентларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган етакчи маҳаллий корхоналардан бири ҳисобланади. Корхонада замонавий технологиялар асосида экспресс диагностик тестлар, ELISA тест тўпламлари, лаборатория реагентлари ҳамда бошқа диагностика маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, ISO 13485 стандарти тиббий буюмлар учун сифат менежменти тизимига қўйиладиган халқаро талабларни белгиловчи стандарт бўлиб, унинг жорий этилиши ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш, хавфларни бошқариш, амалдаги меъёрий талаблар ва истеъмолчилар талабларига мувофиқликни таъминлаш ҳамда корхонанинг халқаро бозорлардаги рақобатбардошлиги ва ишончлилигини оширишга хизмат қилади.
Мазкур сертификатнинг топширилиши Ўзбекистонда тиббий жиҳозлар ишлаб чиқариш соҳасида халқаро стандартларни кенг жорий этиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва соғлиқни сақлаш тизимини сифатли ҳамда хавфсиз тиббий маҳсулотлар билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг яна бир амалий натижаси бўлди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА