“Ўзмиллийбанк” АЖ лойиҳалари Самарқанд тараққиётига хизмат қилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, инвестиция муҳитини янада яхшилаш ҳамда ишбилармонлик фаолиятини ҳар томонлама рағбатлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Сўнгги йилларда соҳа вакиллари учун яратилган тизимли имкониятлар, солиқ ва божхона имтиёзлари, маъмурий тўсиқларнинг қисқартирилиши иқтисодий барқарорликнинг мустаҳкам тамал тошига айланди.
Мазкур ислоҳотларнинг энг муҳим йўналишларидан бири сифатида давлат раҳбари ва тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри, очиқ мулоқот тизими йўлга қўйилди. Мана шундай самимий ва конструктив мулоқот руҳининг амалий ифодаси сифатида ҳар йили август ойида мамлакатимизда тадбиркорлар куни кенг нишонланиб, соҳа фаоллари муносиб рағбатлантирилмоқда.

Бу галги манзил сифатида қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд вилояти танланди. Ушбу вилоятда ўтказилган пресс-тур доирасида журналистлар молиявий муассаса томонидан фаол қўллаб-қувватланаётган саноат, экспорт, хизмат кўрсатиш ва ижтимоий соҳадаги йирик инвестиция лойиҳалари, шунингдек, навқирон авлод вакилларининг истиқболли ташаббуслари билан яқиндан танишдилар.

Пресс-турнинг дастлабки қисмида ОАВ вакилларига давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 14 февралдаги қарори асосида ҳаётга изчил тадбиқ этилаётган “Келажакка қадам” дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар тақдим этилди. Ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва уларни бизнесга кенг жалб этишга қаратилган ушбу дастур доирасида олий таълим муассасалари битирувчиларининг бизнес лойиҳалари йиллик 15 фоизли имтиёзли кредитлар орқали молиялаштирилмоқда.

Самарқанд вилоятида бу борада сезиларли натижаларга эришилди. Хусусан, 2025 йилнинг ўзида вилоятда 251 нафар ёш мутахассисга умумий қиймати 12 миллиард сўмдан ортиқ кредит маблағлари ажратилиб, бунинг эвазига 500 нафардан ортиқ йигит-қизнинг ўзини ўзи банд қилиши таъминланди. Бундан ташқари, банк билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келаётган етакчи корхоналарга 2 мингдан зиёд ОТМ битирувчилари доимий иш ўринларига қабул қилинди. Бундай хайрли ва истиқболли ташаббуслар жорий йилда ҳам янги суръатда давом эттирилмоқда.

2026 йилга келиб мазкур дастур доирасида ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган ва кенгайтирган ёшлар сони 600 нафардан ортиб кетди. Белгиланган режаларга мувофиқ жорий йил якунига қадар яна 60 миллиард сўмлик кредит маблағлари ажратилиши кўзда тутилган бўлиб, бунинг натижасида қўшимча 2 мингта янги ва доимий иш ўринлари яратилиши кутилмоқда. Бу эса ҳудудда ишсизлик даражасини камайтириш ва ёшлар интеллектуал ҳамда тадбиркорлик салоҳиятини рўёбга чиқаришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Медиа-тур давомида иштирокчилар “Келажакка қадам” дастури доирасида молиялаштирилиб, бугунги кунда нафақат тадбиркорлик, балки муҳим ижтимоий вазифаларни ҳам бажараётган қатор объектлар фаолияти билан танишди. Хусусан, аҳолига юқори малакали тиббий хизмат кўрсатаётган “Ganiev Medical” хусусий клиникаси, Пастдарғом туманида замонавий сервис намунасини кўрсатаётган “Juma Boutique Cafe”, шунингдек, Жомбой туманида ёшларнинг билим олиши ва касб-ҳунар эгаллашига хизмат қилаётган “Asr” ўқув маркази ҳамда “A1” автомактаби шулар жумласидандир.

Банкнинг имтиёзли кредитлари кўмагида фаолият бошлаган мазкур муассасалар бугунги кунда Самарқанд аҳли ва меҳмонлари учун юқори сифатли тиббиёт, таълим ва маиший хизматларни кўрсатиш баробарида, ўнлаб маҳаллий аҳоли вакиллари учун барқарор даромад манбаи — янги иш ўринларини яратиб берди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки мазкур пресс-тур давомида тақдим этилган кўрсаткичлар ва амалий натижалар Самарқанд вилоятида давлат томонидан илгари сурилаётган дастурлар, тижорат банкларининг молиявий кўмаги ва хусусий секторнинг фаоллиги бир нуқтада бирлашиб, юқори иқтисодий самара бераётганини яққол кўрсатади.
“Ўзмиллийбанк” АЖ нафақат молиявий оператор, балки юртимизда тадбиркорлик экотизимини шакллантирувчи, ёшларни қўллаб-қувватловчи ва ижтимоий лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этувчи ишончли ҳамкорга айланди. Банк томонидан тизимли равишда амалга оширилаётган бундай кенг кўламли лойиҳалар ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш, экспорт имкониятларини кенгайтириш, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини таъминлаш ҳамда мамлакатимизни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
“Ўзмиллийбанк” АЖ
Матбуот хизмати