Энергетика тизимида ёзги истеъмол бўйича рекорд янгиланди
Мамлакатимизда кузатилаётган юқори ҳарорат электр энергиясига бўлган талабни кескин оширди. Натижада 13 июль куни республика бўйича бир суткалик электр энергияси истеъмоли 278,6 миллион кВт·соатга етиб, ёзги мавсум учун янги рекорд ўрнатилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Дилдора Ҳошимова маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, 13 июль куни электр станциялари томонидан жами 281,5 миллион кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилган. Бу юқори истеъмол шароитида истеъмолчиларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш имконини берди.
Шу куни республика бўйича электр энергияси истеъмоли 278,6 миллион кВт·соатни ташкил этиб, ўтган ёзги мавсумда кузатилган энг юқори кўрсаткичдан 6 миллион кВт·соат ёки 2,2 фоизга юқори бўлди. Аввалги рекорд 2025 йил 18 июль куни ўрнатилган бўлиб, ўшанда бир суткада 272,6 миллион кВт·соат электр энергияси истеъмол қилинган эди.
Яқин кунларда ҳаво ҳароратининг янада кўтарилиши сабабли электр энергияси истеъмоли ҳамда энергетика тизими юкламаси бўйича янги рекордлар ўрнатилиши кутилмоқда.
Шу муносабат билан энергетика корхоналари кучайтирилган иш режимига ўтказилган. Ҳудудларда махсус авария-таъмирлаш бригадалари навбатчилик асосида иш олиб бориб, электр тармоқларида юзага келиши мумкин бўлган носозликларни имкон қадар қисқа муддатларда бартараф этиш чораларини кўрмоқда.
Шу билан бирга, айрим ҳудудларда электр тармоқларида юзага келаётган техник носозликлар туфайли электр таъминотида қисқа муддатли узилишлар кузатилиши мумкинлиги таъкидланди.
Дилдора Ҳошимова фуқароларни электр энергиясидан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланишга чақирди. Унинг таъкидлашича, айниқса, электр тармоқларига энг катта юклама тушадиган соатларда зарурат бўлмаган электр жиҳозларини ўчириб туриш орқали тизимдаги юкламани камайтириш мумкин. Бу эса электр таъминоти барқарорлигини сақлаш, тизимнинг ишончли ишлашини таъминлаш ва эҳтимолий узилишларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА