Аҳолининг хавфсиз яшашига қаратилган қонун лойиҳаси қабул қилинди
Парламент қуйи палатаси мажлисида депутатлар қурилиши тугалланмаган кўп квартирали уйларда фуқароларнинг ноқонуний яшашига рухсат бериш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда шаҳарсозлик соҳасини такомиллаштириш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, кейинги вақтларда қурилиши тугалланмаган ва белгиланган тартибда фойдаланишга қабул қилинмаган кўп квартирали уйларда фуқароларнинг ноқонуний яшашига рухсат бериш ҳолатлари учрамоқда.
Мазкур ҳолатлар фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, соҳада фаолият юритаётган субъектларнинг масъулиятини янада ошириш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган превентив чораларни кучайтиришни талаб этмоқда.

Ушбу қонун лойиҳаси билан Жиноят кодексига кўп квартирали уйларнинг қурилишига масъул шахслар ёки мансабдор шахслар томонидан белгиланган тартибда фойдаланишга қабул қилинмаган кўп квартирали уйларга фуқароларнинг кўчиб киришига йўл қўйганлик учун тўғридан-тўғри жиноий жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда.
Шу билан бирга, Шаҳарсозлик кодексига буюртмачи ва пудратчиларга белгиланган тартибда фойдаланишга қабул қилинмаган кўп квартирали уйларга фуқароларнинг кўчиб киришига йўл қўймаслик чораларини кўриш мажбуриятини юклашни назарда тутувчи нормалар киритилмоқда.
Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳасининг аҳамияти, айни чоғда заруратини эътиборга олиб, ундаги айрим нормалар бўйича қонун ташаббускорларига аниқлаштирувчи саволлар берди. Шунингдек, лойиҳани янада такомиллаштириш юзасидан фикр-мулоҳазалар, таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш киритилмоқда. Яъни, республикамиз ҳудудида бўлиб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома олмаган ҳолда меҳнат фаолияти билан шуғулланганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.

Шунингдек, тасдиқномада белгиланмаган меҳнат фаолияти билан шуғулланганлик учун жавобгарликни белгилаш ҳамда ушбу турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини Давлат меҳнат инспекцияси, ички ишлар органлари ва жиноят ишлари бўйича судларга берилиши таклиф қилинмоқда.
Мазкур қонун лойиҳаси меҳнат муносабатлари соҳасида содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини янада ишончли ҳимоя қилишга қаратилган.
Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Н.Насриев,
ЎзА