Болгарияда президентлик сайловининг иккинчи босқичи бўлиб ўтади
Болгарияда президентлик сайловининг биринчи босқичида номзодлардан ҳеч бири ғалаба учун зарур бўлган мутлақ кўпчилик овозни тўплай олмади. Шу муносабат билан 1 ноябрь куни сайловнинг иккинчи босқичи ўтказилиши кутилмоқда.
Мамлакат Марказий сайлов комиссияси сайлов участкалари баённомаларининг 99,94 фоизи ҳисоблаб чиқилганини маълум қилди. Унга кўра, Илиана Йотова 34,76 фоиз (528 753 та), Андрей Гюров эса 31,94 фоиз (485 927 та) овоз олган. Учинчи ўринда 12,54 фоиз овоз билан Костадин Костадинов бормоқда.
Биринчи босқичда сайловчилар фаоллиги паст бўлиб, овоз беришда қатнашганлар улуши тахминан 22 фоизни ташкил этган.
Илиана Йотова сайловчилар давомати пастлигидан хавотир билдириб, фуқароларни овоз беришда фаол иштирок этишга чақирди. Андрей Гюров эса иккинчи босқич олдидан рақиби билан очиқ дебат ўтказиш таклифини илгари сурди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА