Янги давр олий дипломатияси
Давлатлар ўртасидаги ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш – ташқи сиёсатнинг устувор йўналиши. ЎзА ушбу рукн орқали ҳафта давомида ўтказилган олий даражадаги дипломатик мулоқотлар тафсилотини тақдим этади.

Ўзбекистон – Қатар
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 26 октябрь куни юртимизга амалий ташриф билан келган Қатар Давлати Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан учрашув ўтказди.
Ўзаро мулоқотда олий даражада эришилган келишувлар ижросининг бориши кўриб чиқилди. Савдо-иқтисодий, инвестициявий, ижтимоий ва гуманитар соҳалардаги лойиҳаларни янада кенгайтиришга аҳдлашиб олинди. Шунингдек, етакчилар глобал ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Туркия – Канада
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған 22 октябрь куни Канада бош вазири Марк Карни билан учрашди. Музокараларда икки давлат ўртасидаги муносабатларни стратегик шериклик даражасига кўтариш, энергетика, савдо, транспорт ва мудофаа саноати соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Эркин савдо тўғрисидаги битим бўйича музокараларни йил охирига қадар бошлаш, ўзаро савдо ҳажмини дастлаб 5 миллиард, кейинчалик 10 миллиард долларга етказиш мақсади белгиланди. Шунингдек, учинчи мамлакатларда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, энергетика ва мудофаа саноати соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Томонлар Ғазо, Украина ва Форс кўрфази минтақасидаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Мальдив ороллари – Покистон
Мальдив ороллари етакчиси Муҳаммад Муиззу 20 октябрь куни Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф билан Исломобод шаҳрида расмий учрашув ўтказди. Музокараларда икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий, соғлиқни сақлаш, таълим, туризм ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар ўзаро савдо ҳажмини келгуси икки йил ичида 13 миллион доллардан 200 миллион долларга етказиш мақсадини белгиладир. Шунингдек, ёшлар, спорт, мудофаа ва хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш, минтақавий ва халқаро масалалар бўйича ҳамкорликни кучайтириш юзасидан фикр алмашилди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА